«Meta» ва «YouTube» ёшлар учун қанчалик хавфли? Тармоқлар иши судда кўриляпти
Йиллар давомида ижтимоий тармоқлар гигантлари ўз платформалари ёшларнинг руҳий саломатлигига зарар етказиши ҳақидаги даъволарни рад этиб келган. Энди эса улар илк бор бу айбловлар бўйича суд ҳайъати олдида, қонуний суд жараёнида ўзини ҳимоя қилишга мажбур.

«KGM» деб таништирилган 19 ёшли қиз ва унинг онаси Карен Гленн «TikTok», «Meta», «Snap» ҳамда «Google»га қарашли «YouTube» компанияларини судга берди. Даъво аризасида компаниялар атайлаб қарамлик келтириб чиқарадиган функциялар яратгани, бу эса қизнинг руҳий саломатлигига зарар етказиб, ўзига зиён етказиш ва ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги фикрларга олиб келгани таъкидланади. Бу ҳақда «CNN» хабар берди.
Даъвогарлар адвокати Марк Ланиернинг айтишича, «TikTok» иш судга чиқишидан бир кун олдин махфий шартлар асосида келишувга эришган. «Snap» эса ўтган ҳафта махфий шартлар билан келишув қилган.
Ота-оналар, фаоллар, тиббиёт мутахассислари, технология соҳасидаги экспертлар йиллар давомида ижтимоий тармоқлар ёшларни узлуксиз лентани айлантиришга ўргатиб қўйиши, таҳқирлаш (буллинг)га йўл очиши, уйқуни бузиши ва зарарли контент “туйнук”ларига олиб киришидан хавотир билдириб келмоқда. Технология компаниялари раҳбарлари бир неча бор АҚШ Конгресси олдига чақирилган, ҳатто айрим ҳолатларда ижтимоий тармоқлар сабаб фарзандлари ҳалок бўлган ёки жабр кўрганини айтган ота-оналардан узр сўраган. Шунга қарамай, АҚШда бу компаниялар ҳозиргача жиддий жазо ёки қатъий тартибга солиш чораларига дуч келмаган.
«KGM» иши доирасида аниқ кўрсатилмаган миқдорда молиявий товон пули талаб қилинмоқда. Бу иш натижаси «Meta», «Snap», «TikTok» ва «YouTube»га қарши очилган мингдан ортиқ шунга ўхшаш шахсий даъволар қандай ҳал этилишига таъсир кўрсатиши мумкин. Ланиернинг айтишича, «KGM» иши бўйича «Snap» ва «TikTok» билан эришилган келишувлар бошқа ишлар бўйича ҳам келишувларга йўл очиши мумкин.
Лос-Анжелесда ўтаётган ва бир неча ҳафта давом этиши кутилaётган суд жараёнида «Meta», «TikTok» ва «YouTube»нинг юқори лавозимли раҳбарлари гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши кутилмоқда.
Сўнгги йилларда «TikTok», «Meta», «YouTube» ва «Snap» ёш фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш мақсадида хавфсизлик функциялари, сиёсатлар ҳамда ота-она назорати воситаларини жорий этганини айтиб келмоқда. Бу тўртта ижтимоий тармоқ компанияси жорий йилда бошқа суд ишларида ҳам қатнашмоқда, жумладан мактаб округлари ва штат бош прокурорлари томонидан очилган ишлар ҳам бор. Агар улар ютқазса, бу компаниялар миллиардлаб доллар товон тўлашга мажбур бўлиши ва ўз платформаларини ўзгартиришига тўғри келиши мумкин.
«Фарзандлари йирик технология платформалари орқали эксплуатация қилинган, алданган ёки ҳалок бўлган ота-оналар учун навбатдаги олти ҳафта – бу йиллар давомида компаниялар томонидан эътиборсиз қолдирилганидан сўнг жавобгарликка олиб келиш йўлидаги биринчи қадамдир. Бу – бизнинг авлодимиз учун “тамаки судлари”дир. Илк бор бутун мамлакат бўйлаб оилалар йирик технология компаниялари раҳбарларидан улар болаларни қарам қилиб қўйиш учун маҳсулотларни қандай қилиб атайлаб ишлаб чиққанини тўғридан тўғри эшитади», – дейди интернетда болалар хавфсизлигини ҳимоя қилувчи «Heat Initiative» нодавлат ташкилоти раҳбари Сара Гарднер.
«KGM» иши
«KGM»нинг даъвосида ижтимоий тармоқлар гигантлари ёшлар учун хавф-хатарларни яхши билган ҳолда ҳам ўз платформаларини атайлаб қарамлик келтириб чиқарадиган қилиб ишлаб чиққан, деб таъкидланади. Суд ҳужжатларига кўра, Калифорнияда яшовчи «KGM» 10 ёшида ижтимоий тармоқлардан фойдалана бошлаган. Бу унинг онаси платформага киришни чеклаш учун учинчи томон дастурларидан фойдаланишга уринганига қарамай содир бўлган.
«Жавобгарлар ўз маҳсулотларини болаларга ота-она розилигини четлаб ўтиш имконини берадиган тарзда лойиҳалаштиради», – дейилади даъво аризасида.
Даъвога кўра, «Instagram», «TikTok» ва «Snapchat»нинг «қарамлик келтирувчи дизайни» ҳамда тез-тез юбориладиган билдиришномалар «KGM»нинг платформалардан мажбурий равишда фойдаланишига олиб келган, бу эса унинг руҳий саломатлиги ёмонлашуви билан бир вақтга тўғри келган.
Шикоят аризасида айтилишича, «Snapchat» ва «Instagram»да бошқа фойдаланувчилар билан уланишни тавсия қилувчи функциялар «вояга етмаган даъвогар «KGM» ва у реал ҳаётда танимаган мутлақо бегона шахслар, жумладан тажовузкор катталар ўртасида алоқаларни яратган ва осонлаштирган». Шунингдек, «Instagram» ва «TikTok» «KGM»ни «тушкунликка солувчи» ҳамда «зарарли ижтимоий таққослаш ва ташқи қиёфа (бадан) ҳақидаги» контент билан атайлаб «нишонга олган», деб даъво қилинади.
«KGM»нинг айтишича, «Instagram»да у таҳқирлашга дуч келган. Жиноятчи шахс инсоннинг очиқ-ойдин суратларини тарқатиш билан таҳдид қилиб, пул ёки янада кўпроқ суратлар талаб қилади. Даъво аризасига кўра, «Meta» муаммога муносабат билдириши учун икки ҳафта вақт кетган, бунда «KGM»нинг дўстлари ва оила аъзолари «Instagram»ни доимий равишда белгилаб, уни нишонга олган шахслар ҳақида бошқа фойдаланувчилардан шикоят қилишни сўрашган».
«Жавобгарларнинг маҳсулот дизайни, маркетинг, тарқатиш, дастурлаш ва операцион қарорлари ҳамда хатти-ҳаракатлари онгли ва қасддан амалга оширилиб, «KGM» ва унинг оиласига жиддий руҳий ва ҳиссий зарар етказди. Бу зарарлар, жумладан, маҳсулотларга хавфли даражада қарам бўлиб қолиш, хавотир, депрессия, ўз-ўзига зарар етказиш ва тана образи бузилиши каби ҳолатларни ўз ичига олади, аммо бу билан чекланмайди», – дейилади даъвода.
«KGM» иши «TikTok», «YouTube», «Meta» ва «Snap» фаолияти сабаб ўхшаш зарар етгани ҳақидаги тахминан 1 500 та шахсий даъвони бирлаштирган кўп-ҳудудли суд жараёнидаги бир нечта «намунали» ишлардан бири ҳисобланади.
Компаниялар нима деяпти?
2024 йилда АҚШнинг ўша пайтдаги бош жарроҳи Вивек Мурти Конгрессни ёшлар ўртасидаги «руҳий саломатлик инқирози»ни инобатга олган ҳолда ижтимоий тармоқ платформаларига тамаки маҳсулотларига ўхшаш огоҳлантирувчи ёрлиқ жорий этишга чақирган эди. Бу ташаббусни айрим штатлар бош прокурорлари ҳам қўллаб-қувватлаган. Шунингдек, ўтган йили эълон қилинган «Pew Research Center» тадқиқотига кўра, АҚШдаги ўсмирларнинг деярли ярми ижтимоий тармоқлар ўз ёшидагиларга «асосан салбий» таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайди.
Бироқ технология компаниялари раҳбарлари йиллар давомида ижтимоий тармоқлар ёшларнинг руҳий саломатлигига зарар етказиши ҳақидаги фикрларни рад этиб келмоқда. Улар бу масала бўйича қатъий илмий далиллар етишмаслигини таъкидлаб, платформалар кўнгилочарлик ва дўстлар билан алоқа ўрнатиш каби ижобий жиҳатларни тақдим этишини айтмоқда.
Технология гигантлари хавфсизликка оид даъволарга қарши ҳимоя сифатида кўп бора уларни фойдаланувчилар жойлаштирган контент учун жавобгарликдан ҳимоя қиладиган федерал қонунга таянишган. «KGM» ва шу каби ишларга раҳбарлик қилаётган Лос-Анжелес олий суди судьяси Каролин Кул ўтган йили ҳайъат аъзолари фақат контентни эмас, балки компаниялар жорий этган дизайн элементлари – масалан, чекланмаган (узлуксиз) лента айлантириш функцияси – руҳий саломатликка зарар етказган-етказмаганини ҳам ҳисобга олиши кераклигини айтган.
«Snap» аввалроқ «Snapchat» анъанавий ижтимоий тармоқлардан фарқли равишда ишлаб чиқилгани, у лента эмас, камера билан очилиши ва очиқ лайклар ёки ижтимоий таққослаш кўрсаткичларига эга эмаслигини билдирган.
«Snapchat»нинг ёшлар хавфсизлиги бўйича чораларига ота-она назорати воситалари ва ёшга мос бўлмаган контентни ўчириш механизмлари киради.
«Meta» эса юқоридаги каби даъволар «компания ва унинг ёшлар учун хавфсиз ва фойдали онлайн тажрибалар яратиш борасида ҳар куни олиб бораётган ишларини нотўғри акс эттиради», деб таъкидлайди.
«Биз ота-оналарни тингладик, энг муҳим масалаларни ўргандик ва ўсмирларни интернетда ҳимоя қилиш учун аниқ ўзгаришлар киритдик. Даъвогарлар адвокатлари компанияни атайлаб нотўғри кўрсатиш учун айрим суҳбат парчалари ёки танлаб олинган иқтибослардан фойдаланиши мумкин, аммо биз эришган ютуқларимиз билан фахрланамиз, ўсмирлар хавфсизлигини устувор қўйган фаолиятимизга содиқмиз ва бу борадаги ишларни давом эттирамиз», – дейилади «Meta» баёнотида.
«Meta»нинг ёшлар хавфсизлиги чоралари қаторига 2024 йилда ишга туширилган «ўсмирлар аккаунтлари» киради. Улар «Instagram»да ўсмирлар учун стандарт махфийлик ҳимояси ва контент чекловларини таъминлайди. Шунингдек, ота-она назорати воситалари мавжуд ва «Meta» сунъий интеллект орқали фойдаланувчилар рўйхатдан ўтаётганда кўрсатган ёшидан қатъи назар, вояга етмаганларни аниқлашга ҳаракат қилади.
«YouTube» вакили Хосе Кастанеда ҳам ўз баёнотида ёшлар руҳий саломатлигига оид суд даъволаридаги айбловларни «мутлақо асоссиз» деб атади.
«Ёшлар учун хавфсиз ва соғлом муҳит яратиш доим ишларимизнинг марказида бўлган. Ёшлар, руҳий саломатлик ва ота-оналик бўйича мутахассислар билан ҳамкорликда биз ёшларга ёшига мос тажриба, ота-оналарга эса кучли назорат имкониятларини берувчи хизматлар ва сиёсатларни ишлаб чиқдик», – деди у.
«YouTube»нинг ёшлар хавфсизлиги чоралари қаторига зўравонлик ёки жинсий ишоралар мавжуд видеолар каби айрим сезгир контент турларига чекловлар, сунъий интеллект орқали вояга етмаганларни аниқлаш, ота-она назорати воситалари киради. Шунингдек, ўтган ҳафта компания ота-оналарга фарзандларининг қисқа видеолар лентасини айлантиришини чеклаш ёки бутунлай блоклаш имконини берувчи янги функцияни жорий этди.
«TikTok»нинг сўнгги йилларда жорий этган ёшлар хавфсизлиги ва ота-она назорати чоралари орасида эса стандарт махфийлик созламалари, кечаси билдиришномаларни ўчириш каби функциялар бор. Ўтган йили компания ўсмирларни лентани камроқ айлантиришга ундаш мақсадида «йўналтирилган медитация» функциясини ишга туширган.
Шунга қарамай, кўплаб ота-оналар ва фаоллар ижтимоий тармоқлар ҳали ҳам ёш фойдаланувчиларни етарлича ҳимоя қила олмаяпти, деб ҳисоблайди.



