add

Миллатчилик қурбони, одам ўлдирган ИИБ ходими, энергетикадаги истеъфолар — ҳафта дайжести

Бугун 17:551476 дақиқа

Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни яна бир бор эсга оламиз.

Одамлар ваҳшийлашиб кетяпти. Қаршисида тургани ўзи тенгими ёки мурғак — айрим қотилларга бунинг фарқи йўқ. Ўлдиришни режа қилдими, тамом — ўлдиради. У 10 ёшар гўдак бўлса ҳам.

Бу ҳафта дунё медиаси миллатчилик қурбони бўлган Қобилжон ҳақида гапирди. У мактабга ўқиш учун оёғи билан бориб, тобутда қайтди. 10 ёшли Қобилжон Алиев асли Тожикистон фуқароси эди ва Москва вилоятидаги мактабда ўқирди. Онаси шу мактабда фаррош бўлиб ишларди.

15 ёшли ўсмир томонидан содир этилган қуролли ҳужум оқибатида Марказий Осиёлик бола шафқатсизларча ўлдирилди. Бу ҳафта ушбу воқеа бутун дунё оналарини йиғлатди. Ҳодиса ҳақида батафсил Vaqt.uz’нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида кўринг.

Бугун ҳафталик дайжестимизда:

  • Одам ўлдириб, уни яширишга уринган ИИБ ходими

  • Совуқда музлаб ҳалок бўлган 3 нафар одам

  • Қамоққа олинган Иқбол табиб

  • Энергетика соҳасидаги истеъфолар ва тайинловлар

АҚШдаги отишмада ўзбекистонлик талаба ҳалок бўлди

АҚШнинг энг қадимий ва нуфузли олий таълим муассасаларидан бири — Браун университетида 13 декабрь куни содир бўлган отишма ўзбекистонлик талаба МуҳаммадАзиз Умурзоқовнинг бевақт ўлимига сабаб бўлди.

13 декабрь куни содир бўлган отишмада икки талаба ҳалок бўлди, етти киши жароҳат олди. Вафот этганлар орасида Ўзбекистон фуқароси, 2007 йилда туғилган Муҳаммадазиз Умурзоқов ҳам бор.

Отишмани содир этганликда гумонланаётган 24 ёшли Бенжамин Эриксон қўлга олинди. У АҚШ Қуролли кучларида ҳарбий бўлган ва снайперлик тайёргарлигидан ўтгани маълум бўлди. У нима учун бу ишни қилгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур ҳолатни тасдиқлаб, марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. АҚШдаги ваколатхоналар эса марҳумнинг қариндошлари билан алоқада бўлиб, тегишли идоралар билан ҳамкорлик қилмоқда.

Шунингдек, қотиллик ортидан АҚШдаги ўзбекистонликлар сенаторларга хат йўллади.

Мазкур фожиа жамоатчиликнинг катта эътиборини тортди ва кенг хайрия ҳаракатини бошлаб берди. Муҳаммад Азиз Умурзоқов хотирасига қарийб 260 минг доллар йиғилди. Марҳумнинг синглиси Самира Умурзоқова томонидан бошланган хайрия кампанияси орқали оилавий харажатларни қоплаш ва қолган маблағни унинг номидан хайрия ишларига йўналтириш кўзда тутилган.

Бекободда ИИБ ходими машинада одам уриб ўлдирди

Бекободда ички ишлар ходими машинада одам уриб ўлдириб, мурдани яширган. Ҳа, тўғри, жиноят содир этилганда уни аниқлаши керак бўлган ички ишлар ходимининг ўзи жиноят содир этган. Бу ҳолат жамиятда катта шов-шувга сабаб бўлди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 11 декабрь куни Бекобод тумани «Қорақуйли» МФЙ ҳудудидан ўтган «Қорасув—Бўка—Бекобод» автомобиль йўлининг 64-километрида оқ рангли Nexia-3 русумли автомашина пиёдани уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. Ушбу автоҳалокат оқибатида 43 ёшли эркак вафот этган.

Ҳолат юзасидан Бекобод тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми ва 117-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи шахсга «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Маҳаллий ОАВлар ўз манбасига таяниб маълум қилишича, ИИБ ходими жасадни Сирдарёга оқизиб юборган.

Фарғоналик табиб Иқбол Солиев қамоққа олинди

Ижтимоий тармоқларда одамларни «қўли билан даволаб» тренддан тушмайдиган фарғоналик табиб Иқбол Солиев қамоққа олинди. Дастлаб, унинг Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси томонидан берилган гувоҳномаси муддати тугаганига қарамай, ноқонуний фаолият олиб боргани аниқлангани хабар қилинди.

Орадан бир кун ўтиб, Қўқон шаҳар судининг 17 декабрдаги қарори билан Фарғонада туғилган, халқ табобати билан шуғулланувчи фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-5-моддаси (халқ табобати тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 3-қисми бўйича айбдор деб топилиб, 10 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилгани очиқланди.

Энергетика соҳасидаги истеъфолар ва тайинловлар

Ярангизни янгилаб, «Уйингизда газ борми, свет ўчмаяптими?» деб сўрамаймиз. 2021 йил июль ойида «Ўзбекистоннинг гази 3 та Ўзбекистонни боқа олади», деган ўша пайтдаги энергетика вазири Алишер Султонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг энергетик хавфсизлик бўйича вакили лавозимидан озод этилди.

Президент фармони билан ишдан олинган Султоновнинг нега кетгани ва қаерга кетгани ҳозирча маълум эмас.

Бу ҳафта энергетика соҳасидаги амалдорларнинг курсиcи сал қимирлагандек бўлди. «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси ўзгарди — Сиддиқов ўрнига Сангинов иш бошлади.

2023 йил 12 мартдан буён «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси сифатида ишлаб келган Баҳодиржон Сиддиқов ишдан олинди. Унинг ўрнини соҳага бегона бўлмаган Абдуғани Сангинов эгаллади.

Баҳодиржон Сиддиқов ишдан олиниб, қайси лавозимга қўйилгани ҳақида ҳозирча маълумотлар мавжуд эмас.

«Ўзбекнефтгаз» АЖнинг янги бошқаруви раисини шахсан Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров йиғилиш ўтказиб таништирган. Абдуғани Сангинов эса ўз навбатида «Ўзбекнефтгаз»ни трансформация қилиш бўйича янги стратегияни қисқа муддатда тасдиқлаш ва газ қазиб олишни барқарорлаштиришни асосий вазифа сифатида белгилашини маълум қилди.

Мирзиёева Ургутдаги чекка қишлоққа борди

Ўзбекистонда 200 дан ортиқ туғруқхона бор. Афсуски, уларнинг барчаси ҳам талабга жавоб бермайди.

Бу ҳафта Президентнинг тўнғич қизи, Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Самарқанд вилояти Ургут туманидаги «Навоий» номли поликлиника фаолияти билан танишди. У ташриф давомида тиббиёт муассасасининг моддий-техник ҳолати, хизмат сифати ва аҳолига тушаётган юкламага алоҳида эътибор қаратди.

Мирзиёеванинг айтишича, Президент Ургутга қараш масаласини шахсан унга топширган.

Маълумотларга кўра, поликлиника 1972 йилда қурилган бўлиб, капитал таъмир ва замонавий стандартларга мослаштиришга муҳтож. У 13 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади ва 16 қишлоқ учун ягона туғруқ қабул қиладиган тиббиёт маркази ҳисобланади.

«Юклама ниҳоятда катта, шароит эса изоҳ талаб қилмайди. Заҳ хоналарнинг кулранг ойналарига урилаётган ёмғир томчилари ҳам вазиятни акс эттиряпти», — деди Саида Мирзиёева бино ҳолатини ўрганиб.

Маст вазир ишдан олинди

Пиво ичиб автомобил бошқарган таълим вазири ишдан олинди. Ҳайратланманг — бу Ўзбекистонда эмас, Қирғизистонда содир бўлган ҳолат.

Қирғизистонда мансабдор шахслар жавобгарлиги масаласи яна кун тартибига чиқди. Жамоатчиликда катта муҳокамаларга сабаб бўлган ушбу воқеа мамлакат таълим тизими раҳбариятида жиддий ўзгаришларни юзага келтирди.

Қирғизистон фан, олий таълим ва инновация вазири Бахтиёр Ўрозов Чуй вилоятининг Қой-Тош қишлоғида маст ҳолда автомобил бошқаргани учун қўлга олинган. Kaktus.media томонидан эълон қилинган видеоёзувда Бахтиёр Ўрозовнинг ўзи ҳам пиво ичганини тан олгани акс этган.

Бу ҳолат жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди ва мансабдор шахсларнинг шахсий масъулияти масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров фан ва таълим вазири Бахтиёр Ўрозовни «давлат хизматчиси этикасига риоя қилмагани» учун лавозимидан озод қилди. Ишдан бўшатиш тўғрисидаги фармон 15 декабрь куни имзоланиб, шу куни давлат раҳбарининг расмий веб-сайтида эълон қилинди.

Қозоғистонда 3 киши совуқдан музлаб ҳалок бўлди

Тайёр туринг: шанба, якшанба кунлари Ўзбекистонга нам ҳаво массаларининг янги қисми кириб келади. Вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши кутилмоқда. Ҳарорат кечаси −5 даражагача совуқ, кундузи эса +5 даражагача илиқ бўлади. Бизда ҳаво музлаб қоладиган даражага етмаса-да, иссиқ кийимларни тайёрлаб қўйиш, бош кийим кийишни унутманг.

Ўтган ҳафта Қозоғистонда кузатилган кескин совуқ об-ҳаво инсонлар ҳаётига жиддий хавф туғдирди ва фавқулодда чеклов чораларини жорий этишга сабаб бўлди.

Қозоғистоннинг Ғарбий Қозоғистон вилоятида кучли совуқ оқибатида уч нафар эркак гипотермиядан ҳалок бўлди. Хабарга кўра, Ғарбий Қозоғистон вилоятида 15 декабрь куни бедарак йўқолган 57, 25 ва 35 ёшли эркакларнинг жасадлари топилган. Полиция уларнинг ўлимига тана ҳароратининг кескин пасайиши сабаб бўлганини маълум қилди.

Ноқулай об-ҳаво сабаб 15 декабрь соат 14:00 дан Остона шаҳридан чиқишдаги барча магистрал йўлларда транспорт ҳаракати вақтинча чекланди. Синоптиклар 21 декабргача кучли қор ёғиши ва ҳаво ҳарорати −20 даражагача тушишини прогноз қилмоқда. Шу боис пойтахтда айрим шаҳар атрофи автобус қатновлари ҳам тўхтатилган.

Теглар

Нозима Қаршибоева

Нозима ҚаршибоеваМақолалар сони: 10

Барчаси

Мавзуга оид