add

Миллиардер Сиднейда террорчини қуролсизлантирган фуқарога 100 минг хайрия қилди

Бугун 17:254121 дақиқа

Америкалик миллиардер Билл Экман Сиднейда теракт вақтида террористни қуролсизлантирган покистонлик Аҳмaд ал-Аҳмадга деярли қарийб 100 минг доллар хайрия қилди.

Миллиардер Сиднейда террорчини қуролсизлантирган фуқарога 100 минг хайрия қилди

Америкалик миллиардер ва инвестор Билл Экман (Ackman) Сиднейда теракт вақтида қуролли ҳужумчини тўхтатган Аҳмад ал-Аҳмадга йирик миқдорда хайрия қилди. Бу ҳақда GoFundMe краудфандинг платформасидаги маълумотлардан келиб чиқади.

Экман X ижтимоий тармоғида платформага ҳавола жойлаб, «Бондида ҳужумчини қуролсизлантирган қаҳрамонни қўллаб-қувватланг», деб ёзган. GoFundMe маълумотларига кўра, у энг йирик хайрияни амалга оширган — 99 999 доллар. Айни пайтга келиб жамғарилган умумий маблағ ярим миллион долларга яқинлашиб қолди.

14 декабрь куни кечқурун Сиднейнинг Бонди соҳилида яҳудийларнинг Ҳанука байрамини нишонлаётган минглаб одамларга қарши икки нафар шахс ўқ очган. Майдонда тахминан 2 минг киши бўлган. Bloomberg нашрининг ёзишича, Аҳмад ал-Аҳмад ҳужумчилардан бирига орқасидан яқинлашиб, унинг қўлидан қуролни тортиб олган.

Оқибатда у икки марта ўқ еб, шифохонага ётқизилган. Ҳозирда унинг аҳволи барқарор экани маълум қилинмоқда.

Times нашри маълумотларига кўра, 43 ёшли Аҳмад ал-Аҳмад икки нафар фарзанднинг отаси бўлиб, Сиднейда мева-сабзавот савдоси билан шуғулланади. Ҳужум содир бўлган куни у тасодифан Бонди соҳилида бўлган.

Теракт оқибатида 16 киши ҳалок бўлган, улар орасида ҳужумчилардан бири — 50 ёшли эркак ҳам бор. Иккинчи ҳужумчи — унинг 24 ёшли ўғли яраланган ҳолда полиция кузатуви остида шифохонага ётқизилган. Ҳодиса расман теракт сифатида баҳоланган.

Билл Экман — Pershing Square Capital Management ҳеж-фонди асосчиси ва раҳбари. Унинг бойлиги 9,5 млрд доллардан ошади.

Теглар

Мавзуга оид