add

Мирзиёев Илҳом Алиев билан учрашди

Тошкентдаги учрашувда икки давлат раҳбарлари савдо, саноат кооперацияси ва олий даражадаги бўлажак ташрифлар бўйича асосий йўналишларни келишиб олди.

Мирзиёев Илҳом Алиев билан учрашди

Мирзиёев 15 ноябр куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат аввалида Илҳом Алиев Ўзбекистон етакчисига Маслаҳат учрашувида иштирок этиш таклифи учун миннатдорлик билдирди.

Давлатимиз раҳбари, ўз навбатида, қардош Озарбайжон Президенти ва халқини жорий йил 8-октабр куни нишонланган Ғалабанинг беш йиллиги билан самимий табриклади.

Ўзбекистон Президентининг шу йил июль ойида Озарбайжонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Барча даражаларда самарали алмашинувлар давом этмоқда. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ошди. Автомобилсозлик, энергетика, туризм ва бошқа тармоқларда саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳалар фаол паллага кирган.

Етакчилар бўлажак олий даражадаги учрашув ва тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Тошкентда саноат, банк, логистика ва туризм соҳаларида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқадиган йирик қўшма лойиҳаларни ишга туширганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Мирзиёев Илҳом Алиев билан учрашди | Vaqt.uz