add

Янги Тошкентда «Остона» мавзеси ва қатор йирик лойиҳаларга старт берилди

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Тошкентда саноат, банк, логистика ва туризм соҳаларида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқадиган йирик қўшма лойиҳаларни ишга туширдилар.

Янги Тошкентда «Остона» мавзеси ва қатор йирик лойиҳаларга старт берилди

Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши якунларидан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни чуқурлаштирувчи қатор йирик лойиҳаларнинг ишга туширилиш маросимида иштирок этдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълум қилди.

Маросим доирасида «Марказий Осиё» Халқаро саноат кооперацияси маркази фаолияти бошланди. Мазкур марказ икки давлат саноат корхоналари ўртасида кооперацияни кучайтириш, қўшма ишлаб чиқаришларни кенгайтириш ва экспорт имкониятларини оширишга қаратилган.

Шунингдек, Қозоғистоннинг «Тenge Bank» молиявий муассасасининг Тошкентдаги янги бош офиси расман очилди. Янги офис икки мамлакат бизнес доиралари ўртасидаги молиявий алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда муҳим ўрин тутади.

Тадбирда «Silkway Central Asia» кўп тармоқли логистика марказининг қурилиши бошлангани ҳам маълум қилинди. Мазкур лойиҳа минтақада юк ташиш соҳасида интеграцияни кучайтириш, транзит салоҳиятини ошириш ва савдо оқимларини оптималлаштиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, алкилбензол ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилиши кимё саноатида янги ишлаб чиқариш занжирларини шакллантиради.

Энг йирик ташаббуслардан бири сифатида Янги Тошкентда «Остона» мавзеси қурилиши бошланди. Бу лойиҳа икки халқнинг дўстлиги ва маданий яқинлигини ифодаловчи меъморий мажмуа сифатида кўзда тутилган.

Шунингдек, Тошкент ва Остона шаҳарларида односим номли «Тошкент» ва «Остона» меҳмонхона мажмуаларининг қурилиши ҳам йўлга қўйилди.

Президентлар мазкур лойиҳалар Ўзбекистон–Қозоғистон савдо-иқтисодий ҳамкорлигини мустаҳкамлаб, инвестиция фаоллигини оширишига ишонч билдирдилар. Тадбир икки давлатнинг стратегик шерикликни изчил ривожлантиришга қатъий интилишини яна бир бор тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қосим-Жўмарт Тўқаевни икки халқ ўртасидаги дўстлик ва яқин қўшничиликни мустаҳкамлашдаги улкан хизмати учун Ўзбекистоннинг энг юқори даражадаги «Дўстлик» ордени билан тақдирлагани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Янги Тошкентда «Остона» мавзеси ва қатор йирик лойиҳаларга старт берилди | Vaqt.uz