Logo

Мирзиёев ва Жаҳон банки вице-президенти давлат корхоналарини хусусийлаштириш масалаларини муҳокама қилди

Томонлар сув хўжалигини молиялаштиришга қаратилган янги дастурларни ишлаб чиқиш юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Мирзиёев ва Жаҳон банки вице-президенти давлат корхоналарини хусусийлаштириш масалаларини муҳокама қилди © Foto: prezident.uz

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 29 июн куни Жаҳон банки таъсисчи давлатларининг «Швейцария гуруҳи» йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатда бўлиб турган банкнинг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Антонелла Бассани бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Антонелла Бассани давлат раҳбарига Жаҳон банки президенти Ажай Банганинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Жаҳон банки гуруҳи билан стратегик ҳамкорликни Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган таркибий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари бўйича кенг миқёсда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда ушбу нуфузли халқаро молиявий институт билан икки томонлама алоқалар ва конструктив шериклик мисли кўрилмаган даражага кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди.

Янги дастур режалари

Ўтган йил сентябр ойида Ню-Йорк шаҳрида Жаҳон банки президенти билан эришилган олий даражадаги келишувлар изчил амалга оширилмоқда.

Қўшма лойиҳалар портфели 15 миллиард доллардан ошди. Тошкент шаҳрида Жаҳон банкининг минтақавий офиси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Молиялаштиришнинг янги механизмлари самарали жорий этилмоқда.

Жорий йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон банки олий раҳбариятининг ташрифлари ва қўшма тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.

Ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг энг асосий йўналишларини қамраб олувчи янги узоқ муддатли Мамлакат дастурини ишлаб чиқиш режалари қўллаб-қувватланди.

Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш чора-тадбирларини амалга ошириш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш бўйича қўшма дастурларни илгари суриш ҳамда иқтисодиёт тармоқларига сунъий интеллект технологияларини жорий этишда Жаҳон банки гуруҳининг молиявий воситаларидан фойдаланишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Сув хўжалиги соҳасини молиялаштириш, инсон капиталини ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга кўмаклашиш масалаларида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.

Теглар

Мавзуга оид