
Мирзиёев ва Стубб кўп қиррали ҳамкорликни муҳокама қилдилар
Шавкат Мирзиёев ва Александр Стубб учрашувида сиёсий, иқтисодий, инвестициявий ҳамда инновацион соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш, умумий қиймати 1 млрд евролик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Финландия Республикаси Президенти Александр Стуббни қабул қилди. Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва келгуси истиқболлари муҳокама этилди.
Томонлар сиёсий мулоқот, савдо, инвестиция, таълим ва маданият соҳаларидаги муносабатлар изчил ривожланаётганини қайд этдилар. Хусусан, Ўзбекистонда Финландия билан ҳамкорликда фаолият юритаётган Халқаро Нордик университети таълим соҳасидаги муҳим лойиҳалардан бири сифатида эътироф этилди.
Ўзбекистон–Финландия бизнес форуми якунида умумий қиймати 1 млрд еврони ташкил этувчи истиқболли қўшма лойиҳалар портфели шакллантирилгани маълум қилинди. Шунингдек, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва маҳсулот етказиб беришни рағбатлантириш учун Савдони молиялаштириш қўшма жамғармасини тузиш таклифи илгари сурилди.
Финландия томони Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини Европа Иттифоқи бозорларига олиб чиқиш мақсадида сертификатлаш лабораториялари очиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Шу билан бирга, геология, муҳим материаллар, энергетика, рақамлаштириш, сунъий интеллект, экология ва туризм каби йўналишларда ҳамкорликни кенгайтиришга келишилди.
2026 йилда Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, таълим, тиббиёт ва меҳнат миграцияси соҳаларида ҳам ҳамкорликни мустаҳкамлаш режалаштирилган.
Президентлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.





