
Мирзиёев юк машиналари учун 35 та кўчма ва стационар тарози ўрнатиш вазифасини топширди
Унга кўра, белгиланган оғирликдан ортиқ бўлган юк машиналарининг ҳаракатланиши оқибатида 1800 километр йўл эскирган ҳолатга келиб қолган.

Бугун, 9 декабр куни Президент Шавкат Мирзиёев автомобил йўллари соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режалар юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, охирги уч йилда автойўл соҳасига қарийб 40 триллион сўм ажратилиб, 63 минг километр йўлда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилган. Соҳага хориждан жалб қилинаётган маблағлар 3 баробар ошиб, 2025 йилда 1,2 миллиард долларга етган,
Йўл қурилишида намунавий андозалардан воз кечилиб, ҳар бир ҳудуднинг геологик ва экологик хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда лойиҳалаштириш амалиёти жорий этилган. Замонавий турдаги қопламалар ишлаб чиқилиб, йўлларнинг хизмат муддати 1,5 баробарга оширилган.
Тақдимотда соҳада мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклиф ва режалар тақдим қилинган. Аввало, мавжуд умумий фойдаланишдаги ва ички йўллар ҳамда кўприкларни таъмирлаш, янгиларини барпо этишда илғор тажриба ва жаҳонда ўзини оқлаган технологиялардан фойдаланиш сустлиги кўрсатиб ўтилган.
Келгуси йилларда 21 минг километр йўлларни қуриш ва таъмирлаш, 14 минг километр тупроқ йўлларни шағаллаштириш ҳамда 325 та кўприкни таъмирлаш режалаштирилган. Бунда хорижий экспертлар ва технологияларни кенг жалб қилиш, илғор стандартларни жорий қилган ҳолда ишни ташкил этиш топширилган.
«Оғирлиги меъёрдан ортиқ юк автомашиналарининг ҳаракатлангани оқибатида 1800 километр йўл таъмирталаб ҳолга келиб қолгани кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан юк транспорти вазнини назорат қилиш учун ўлчов тарозилари тармоғини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Ҳозирда 9 та шундай тарози ўрнатилган, 8 тасини ўрнатиш ишлари давом этмоқда. Келгусида яна 35 та кўчма ва стационар назорат-ўлчов масканини барпо этишга топшириқ берилди», - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, мутасаддиларга оғирлик ва габарит назорати билан боғлиқ барча жараёнларни қамраб олган идоралараро электрон ахборот тизимини ишга тушириш топширилган. Шунингдек, об-ҳаво шароитларидан келиб чиқиб, оғир вазнли транспорт воситалари ҳаракатланишини мавсумий чеклаш тартибини ишлаб чиқиш таклиф этилган.
Бугунги кунда янги йўлларнинг 61 фоизини, «Ташаббусли бюджет» доирасида эса ички йўлларнинг 92 фоизини хусусий сектор қурмоқда. Узоқ йиллар давлат монополиясида бўлган йўлларни сақлаш ишлари ҳам босқичма-босқич хусусий шерикликка берилмоқда.
Бу ишларни кенгайтириб, келгуси йилда 3 минг километр, 2030 йилга бориб эса 6,3 минг километр йўлларни сақлашга тадбиркорларни жалб қилиш режалаштирилган. Шунингдек, Осиё тараққиёт банки иштирокида 86 та туманда қуриладиган йўлларни тўлиқ маҳаллий пудратчиларга бериш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Соҳада рақамлаштириш даражаси паст экани, мавжуд 59 та хизматнинг фақат 20 таси рақамлашгани қайд этилди. Келгуси йилда 28 та хизматни электрон шаклга ўтказиш, интеллектуал транспорт тизимини жорий этиш ва 7 та янги электрон платформани ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
Тақдимот якунида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон автомобиль йўлларини 2035 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.





