
Миср бош имоми Саида Мирзиёеванинг инсонпарварлик ташаббусларини юқори баҳолади
Қоҳирадаги учрашувда ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Саида Мирзиёеванинг ижтимоий соҳалардаги ташаббусларини юқори баҳолади. Шунингдек, Ал-Азҳар раҳбарияти Ўзбекистон билан илмий-таълимий лойиҳаларни кенгайтириш ва янги қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Миср бош имоми, Мусулмон донишмандлари кенгаши раиси ва ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Таййиб Саида Мирзиёеванинг Ўзбекистонда хотин-қизлар етакчилигини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва маърифатни кучайтириш борасидаги амалий ишларини юқори баҳолади. Бу ҳақда Саида Мирзиёева ҳам ўзининг Telegram саҳифасида маълум қилди.
Учрашув ал-Азҳар мажмуасида бўлиб, унда Заед инсонпарварлик ва биродарлик мукофоти миссиясини самарали амалга ошириш, тинчлик ва ўзаро ҳурматни қўллаб-қувватловчи ташаббусларни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. Саида Мирзиёева мазкур йўналишдаги ҳамкорлик глобал аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Суҳбат давомида Шайх Аҳмад Таййиб Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга самимий саломларини йўллаб, 2018 ва 2020 йилларда мамлакатга қилган ташрифлари чоғидаги меҳмондўстликни ҳануз қадрлашини билдирди. У, шунингдек, Имом Мотуридий, Термизий, Замахшарий каби мовароуннаҳрлик алломалар мероси бутун ислом илм-фанига улкан ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлади.
Саида Мирзиёева Азҳар шайхининг инсоний биродарлик ва бағрикенглик ғояларини илгари суришдаги ўрнини юқори баҳолади. У 2018 йилда Ўзбекистон Ислом академияси томонидан Шайх ат-Таййибга берилган фахрий докторлик унвони мамлакат учун муҳим эътироф эканини қайд этди. Шу билан бирга президент Шавкат Мирзиёевнинг салом ва тилакларини етказди.
Ташриф чоғида икки томонлама маърифат ва илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар, жумладан қўшма таълим дастурлари, талаба ва тадқиқотчилар алмашинуви, 100 мингдан ортиқ қўлёзмаларни ўрганиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, экстремизмдан жабр кўрганларни реабилитация қилиш борасида ҳамкорликни кучайтириш таклиф қилинди. Шайх ат-Таййиб ушбу таклифларни қўллаб-қувватлаб, қўшма комиссия тузишни топширди.
Учрашув якунида Саида Мирзиёева Шайх Аҳмад Таййибни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиш ва Ислом цивилизацияси маркази очилиш маросимида иштирок этишга таклиф қилди. Шайх таклифни мамнуният билан қабул қилди.
Шу куннинг ўзида Заед инсонпарварлик мукофоти ҳакамлар ҳайъати Азҳар масжидини зиёрат қилиб, асрлар давомидаги илмий ва маърифий роли билан танишди. Ҳайъат бу ҳафта Қоҳира ва Римда 76 дан ортиқ мамлакатдан келган номинацияларни кўриб чиқмоқда.





