Москвада катта келишув: Ўзбекистон–Россия иқтисодий алоқалари кучаяди

Москвада бўлиб ўтган ҳукуматлараро комиссия йиғилишида Ўзбекистон ва Россия 2030 йилгача ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кескин ошириш бўйича муҳим келишувларга эришди.

Москвада катта келишув: Ўзбекистон–Россия иқтисодий алоқалари кучаяди © © Sputnik / Дмитрий Астахов

13 апрел куни Москва шаҳрида Ўзбекистон ва Россия ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг олтинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Россия бош вазири Михаил Мишустин иштирок этди.

2030 йилгача мўлжалланган стратегик мақсад

Йиғилиш давомида томонлар икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолатини таҳлил қилди ва келгуси стратегик йўналишларни белгилаб олди. Хусусан, 2030 йилгача ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш устувор мақсад сифатида белгиланди.

Россия бош вазири Михаил Мишустиннинг таъкидлашича, Россия Ўзбекистон ташқи савдосида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Унинг қайд этишича, ўтган йили савдо айланмаси қарийб 1 триллион рублга яқинлашиб, 12,5 фоизга ўсган. Шунингдек, ушбу кўрсаткични бир неча баробар ошириш учун барча имкониятлар мавжудлиги айтилди.

Савдо ўсиши динамикаси

Ўз навбатида, Абдулла Арипов сўнгги беш йил ичида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баробарга ошганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, 2025 йил якунларига келиб бу кўрсаткич 13 миллиард доллардан ошган. Жорий йилнинг дастлабки икки ойида эса савдо ҳажми яна 30 фоизга ўсган.

Энергетика ва саноат кооперацияси

Томонлар юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар улушини ошириш орқали экспорт-импорт рўйхатини кенгайтиришга келишиб олди.

Энергетика соҳаси ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири сифатида қайд этилди. Хусусан, Россия лойиҳаси асосида Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши бошлангани таъкидланди.

Шунингдек, нефть ва газ таъминотини кенгайтириш, янги қудуқларни бурғилаш, қайта ишлаш тизимларини модернизация қилиш ҳамда газ транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ишлар давом эттирилади.

Инвестиция ва келгуси режалар

Ҳозирда Ўзбекистонда Россия иштирокида умумий қиймати 4 триллион рублдан ортиқ бўлган 150 га яқин инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Икки давлат ўртасида саноат кооперацияси, рақамли иқтисодиёт, электрон тижорат ва логистика соҳаларида ҳам ҳамкорликни чуқурлаштириш режалаштирилган.

Йиғилиш якунида томонлар эришилган келишувларни амалга ошириш механизмини назорат қилишга келишиб олди. Қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши 2027 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши белгиланди.

Теглар

Мавзуга оид