
Мўйноқда катта босимли янги газ кони очилди
Энергетика вазирлиги Мўйноқда топилган янги кон газ қазиб чиқаришдаги босим пасайишини барқарорлаштириши мумкинлигини маълум қилди.

Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида юқори босимли янги кон аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар қилмоқда.
Янги кон мамлакатда углеводород қазиб чиқариш суръати пасайиб бораётган бир пайтда муҳим аҳамият касб этмоқда.
«Йилдан йилга олиб борилаётган ишларга қарамасдан, ҳақиқатда 85 фоиз конларимизда улардаги қазиб чиқариш темпи, босим жуда кескин тушиб кетяпти», — деган энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Президент топшириғи асосида истиқболли ҳудудларда геология-қидирув ишлари кучайтирилгани, қўшимча маблағлар йўналтирилгани натижасида Мўйноқда янги кон ишлаб чиқаришга тайёр ҳолга келтирилди. Ҳозиргача икки қудуқ тизимга уланиб, кунлик қўшимча 3 миллион метр куб газ қазиб чиқариш имкони яратилгани билдирилди.
Ҳудудда ишлар ҳали давом этмоқда. Вазирлик маълумотига кўра, йил охиригача яна етти қудуқда бурғилашни якунлаш ва қувурларни улаш режалаштирилган. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, мамлакатнинг умумий газ балансига сезиларли ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Вазир Мирзамаҳмудов SOCAR билан қўшма геология-қидирув ишлари бошланганини, «Ўзбекнефтгаз» ҳам параллел равишда янги қидирув ва қазиш ишларини олиб бораётганини қайд этди. Унинг айтишича, келаси йилда мавжуд конларда кузатилаётган пасайиш тенденциясини тўхтатиш ва янги конидаги ресурслар ҳисобига барқарор қазиб чиқаришга эришиш режалаштирилган.
2024 йил май ойида аҳоли учун табиий газ нархи 129 фоизга оширилган ва бу қарор мамлакатда газ таъминоти барқарорлиги масаласини янада долзарб қилган эди.
Vaqt.uz аввалроқ вилоятларда метан тўлдириш шохобчаларига киритилган чеклов вақтларини маълум қилган эди.
Теглар






