
Наманган шифохоналарида Япониянинг робот-ассистент хирургияси жорий қилинади
Наманган вилоят ҳокимлиги ва Япония ўртасида саноат, тиббиёт ва инновация соҳаларида янги ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қатор келишувларга эришилди.

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигидаги делегация Японияда қатор учрашувлар ўтказиб, ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган келишувларга эришди. «Dunyo» ахборот агентлигига кўра, музокаралар асосан тўқимачилик, саноат технологиялари ва юқори технологияли тиббий хизматлар соҳаларини қамраб олган.
Таъкидланишича, Наманганнинг «Ideal», «Fazman», «D.Maretti», «Vizzano» ва «Saodat Sanoat Servis» каби тўқимачилик корхоналари Япониянинг йирик «Konaka Co. Ltd» компанияси билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.
Шунингдек, «Nammotors» ва «Eco Basalt» корхоналари Япония компаниялари билан энергия тежамкор ускуналар, замонавий қурилиш материаллари ва базальт технологияларини ривожлантириш бўйича музокаралар олиб борди. Музокаралар натижасида умумий қиймати 50 миллион долларлик узоқ муддатли экспорт ва ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Тиббиёт соҳасида ҳам муҳим келишувлар қайд этилди. Делегация «Tokushukai Medical Group» президенти Хигаши Чиничи билан учрашиб, онкология, кардиохирургия ва юқори технологияли тиббий хизматларни ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик битимини имзолади. Ушбу ташриф доирасида эришилган энг муҳим натижалардан бири «Riverfield Inc.» компанияси билан келишув бўлиб, унга кўра Наманган вилоятида робот-ассистент хирургияси ва инновацион тиббий ускуналар жорий этилади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Ўзбекистон тиббиёт тизимида сунъий интеллект асосида амалга оширилаётган текширув ҳамда муолажа турлари 43 тага етгани ҳақида хабар берилганди.





