
Наманган ва Тошкент вилояти тоғларида қор кўчиш хавфи эълон қилинди
Ўзгидромет 6–9 декабр кунлари ёғингарчилик ва ҳарорат совиб кетиши туфайли бир қатор тоғли ҳудудларда қор кўчиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

6–9 декабр давомида республикада кутилган ёғингарчилик ва ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши натижасида Тошкент ва Наманган вилоятларининг бир қанча тоғли ҳудудларида қор кўчиш хавфи юзага келиши мумкин. Бу ҳақда Ўзгидромет тезкор огоҳлантириш билан чиқди.

Тошкент вилоятида Бўстонлиқ, Оҳангарон ва Паркент туманларининг Чотқол тизмасига тўғри келадиган ҳудудларида хавф юқори баҳоланган. Наманган вилоятининг Поп туманида ҳам қор кўчиши эҳтимоли мавжудлиги қайд этилган.
Метеорологларнинг таъкидлашича, ёғингарчилик билан ҳарорат ўртасидаги кескин фарқ қор қатламининг беқарорлашувига ва кўчиш хавфининг кучайишига сабаб бўлади.
«Тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан, эҳтиёткорлик чораларини кўришларини сўраймиз», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзгидромет 5-8 декабр кунларида Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ёмғир ёғиб, қорга айланиши мумкинлиги ҳақида маълумот берган эди.





