
Наманганда юрист пора билан қўлга тушди
Наманган вилоятида электр тармоқлари билан боғлиқ жаримани бекор қилиш баҳонасида пора олган мансабдор шахс ушланди.

Наманган вилояти Косонсой туманида «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг «Энергосавдо» филиали Наманган бўлинмасига қарашли юрисконсулт маҳаллий фуқародан пора олган вақтида ушланди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида у 2 минг АҚШ долларини қабул қилаётган пайтда қўлга олинган.
Маълум қилинишича, ҳолат аввал ўтказилган рейд тадбирлари давомида фуқаронинг яшаш хонадонида электр тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолати аниқланган ва бу бўйича тегишли далолатнома расмийлаштирилган.
Далолатнома асосида фуқарога 28,6 миллион сўм миқдорида жарима қўлланган. Қонунчиликка мувофиқ, ушбу жарима электрон тизим орқали расмий ҳисобга олиниши ва ундирилиши лозим бўлган.
Бироқ гумонланувчи мансабдор шахс мазкур жаримани электрон тизимга киритмасдан, яъни расмий тартибларни четлаб ўтиб бартараф этишини ваъда қилган. У бундай «ёрдам» эвазига фуқародан пул талаб қилгани маълум қилинмоқда.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёни давом этмоқда ва иш бўйича қўшимча ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилиши кутилмоқда.
Шунингдек, Сурхондарё вилоятида Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудий бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда божхона органи мансабдори пора олаётган вақтида ушланди. Божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлимига қарашли катта тезкор ходим фуқародан 400 АҚШ долларини ноқонуний тарзда қабул қилаётган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Текширув материалларига кўра, гумонланувчи хизмат мавқеидан фойдаланиб, Термиз туманида яшовчи фуқарога ноқонуний «хизмат» кўрсатишни таклиф қилган. У фуқарога тегишли 20 минг АҚШ долларини белгиланган декларация ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, танишлари орқали Тожикистон Республикасига олиб ўтиб беришни ваъда қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан мансабдор шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ҳамда 25,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.





