
Наслдор қорамол ва бир кунлик жўжага ажратиладиган субсидия муддати узайтрилади
Келаси йил чорвачилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун Жаҳон банки ва Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси ресурсларидан 157 миллион доллар имтиёзли маблағ ажратилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари куни муносабати билан соҳа вакиллари билан мулоқот ўтказар экан, чорвачиликни жадал ривожлантириш бўйича келгуси йилги асосий устувор вазифаларни эълон қилди. Давлат раҳбари тармоқдаги ишлаб чиқаришни кенгайтириш, насл янгилаш ва фермерлар харажатларини камайтириш мақсадида йирик молиялаштириш дастурлари амалга оширилишини таъкидлади.
Келаси йил мамлакат чорвачилик тармоғини ривожлантириш мақсадида 100 минг бош қорамол ва 200 минг бош қўй-эчки импорт қилиниши белгиланган. Бу орқали маҳаллий фермерлар учун насл янгилаш, маҳсулдорликни ошириш ва ички бозорда барқарор таклифни таъминлаш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, пахта ва ғалла йўналишида фаолият юритаётган фермерларга ўз ер майдонининг 20 сотихигача енгил конструкцияли иншоот қуриб, чорвачиликни йўлга қўйишга рухсат берилади.
Давлат томонидан импорт қилинадиган наслдор қорамол ҳамда бир кунлик жўжа учун ажратиладиган субсидиялар амал қилиш муддати яна беш йилга узайтирилди. Бу механизм фермерларнинг дастлабки харажатларини қисқартириш ва янги лойиҳаларни ҷадал ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Келаси йил чорвачилик лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида Жаҳон банки ҳамда Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси ресурсларидан 157 миллион доллар ажратилади. Ушбу маблағлар чорвадорларга 10 йил муддатга, уч йиллик имтиёзли давр билан, 17 фоиз ставкада тақдим этилади.
Шу билан бирга, ЙИКАдан 150 миллион доллар ва Осиё тараққиёт банкидан 60 миллион доллар жалб қилиниши белгиланган. Маблағларни самарали йўналтириш орқали келгуси йил 5 триллион сўмлик мингта лойиҳани ишга тушириш режалаштирилмоқда.
Франция тажрибаси асосида 167 та туманда 340 та гўшт ва сут йўналишидаги 50-60 бошли кичик чорвачилик хўжаликларини ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.





