National Geographic: Хива Марказий Осиёнинг энг яхши сақланган шаҳарларидан бири
National Geographic журнали Хива ҳақида фоторепортаж эълон қилди. Материалда шаҳарнинг тарихий муҳити ва замонавий ҳаёти уйғун тарзда ёритилган.

Тошкент, Ўзбекистон — Машҳур халқаро нашр National Geographic «Is this Central Asia’s best-preserved medieval settlement? See Khiva in pictures» («Бу Марказий Осиёнинг энг яхши сақланган ўрта аср шаҳри эмасми? Хивани суратларда кўринг») сарлавҳали фоторепортаж эълон қилди. Материал Ўзбекистоннинг қадимий шаҳри — Хивага бағишланган.
Нашр Хивани Марказий Осиёдаги энг яхши сақланган ўрта аср шаҳарларидан бири сифатида тавсифлаб, унинг бетакрор меъморий қиёфаси ва бой тарихи билан бирга, ҳозирги замон ҳаёти билан уйғунлигини алоҳида таъкидлади.
Муаллиф ёзишича, Хивада гўё вақт тўхтаб қолгандек: шаҳар деворлари, баланд минорлар, тор кўчалар ва хом ғиштли уйлар ўтмишнинг бебаҳо муҳитини сақлаб қолган. Фоторепортаж саҳар пайтидаги кадрлардан бошланиб, қуёш нурлари остида порлаётган қадимий биноларнинг гўзаллиги акс эттирилган.
Алоҳида суратларда маҳаллий ҳунармандлар фаолияти ёритилган — улар асрлар давомида шаклланган санъат анъаналарини давом эттириб, чўпдан нақш ўйиш, ўйма устунлар яратиш ва миллий совғалар тайёрлаш билан шуғулланишади. Шу билан бирга, Хива аҳолисининг кундалик ҳаёти — танурда нон ёпадиган аёллар, кўча сотувчилари ва анъанавий чайхоналардаги тинч ҳаёт ҳам суратларда жонли тарзда кўрсатилган.
Материал сўнгида таъкидланишича, Хива — бу фақат музей эмас, балки жонли шаҳар бўлиб, у ерда маданий мерос замонавий ривожланиш билан уйғун яшамоқда.
National Geographic фоторепортажи орқали халқаро аудитория Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларини асраб-авайлаш ва меҳмондўстлик анъаналарини қандай эҳтиёткорлик билан сақлаётганини кўриш имкониятига эга бўлди.





