
Навбаҳор Ҳамидова Жаҳон кубогида чемпион бўлган илк ўзбекистонлик аёл боксчи бўлди
07.07.2025 | 18:0012273 дақиқа
Ўзбекистон боксчиси Навбаҳор Ҳамидова Жаҳон кубогида олтин медалини қўлга киритиб, ушбу мусобақада чемпионликка эришган илк ўзбекистонлик аёл боксчи сифатида тарихга кирди.

Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича Жаҳон кубогида Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин ва 4 та бронза медали билан иштирокини якунлади. Мусобақада 29 давлатдан 250 нафар спортчи иштирок этди.
Навбаҳор Ҳамидова -65 кг вазн тоифасида туркиялик Бусеназ Сурменелини финалда 5:0 ҳисобида мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди. Бусеназ Сурменели — уч карра жаҳон чемпиони ва Олимпиада чемпиони ҳисобланади. Бу ғалаба Ҳамидованинг унга қарши аввалги икки мағлубияти учун муносиб реванш бўлди.
Миллий олимпия қўмитаси хабар беришича, Навбаҳор Ҳамидова Жаҳон кубогида олтин медални қўлга киритган илк ўзбекистонлик аёл боксчи бўлди. Унинг ушбу натижаси Ўзбекистон бокс тарихи учун муҳим воқелик ҳисобланади.
Ўзбекистон терма жамоасининг бошқа аъзолари ҳам мусобақада муваффақиятли иштирок этишди. Феруза Казакова (-54 кг), Азиза Зокирова (-75 кг), Соҳиба Рўзметова (-80 кг) ва Олтина Сотимбоева (+80 кг) бронза медалларини қўлга киритган спортчилар бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил март ойида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Сербияда ўтказилган жаҳон чемпионатида 1 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритган эди. Ўшанда Навбаҳор Ҳамидова Ўзбекистон тарихида катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалига чиққан биринчи аёл боксчи сифатида рингга кўтарилган.





