Нега Марказий Осиёнинг волфрами глобал кучларни қизиқтирмоқда?
Илмий тадқиқотларнинг бирида Марказий Осиёда дунё вольфрам захираларининг 28,52 фоизи жамлангани айтилади. Бу кўрсаткич минтақани Хитойдан кейин дунёда иккинчи ўринга олиб чиқиши мумкин. Бироқ волфрам захиралари бўйича ягона халқаро рейтинг мавжуд эмас. Ушбу металлга бўлган талаб ошиб бораётган бир пайтда АҚШ, Хитой, Жанубий Корея ва Европа Иттифоқи Марказий Осиёдаги волфрам конларига қизиқиш билдирмоқда.
© Foto: kazpravda.kz28,52 фоизлик рақам қаердан пайдо бўлган?
Марказий Осиёга дунёдаги волфрам захираларининг қарийб 28,52 фоизи тўғри келиши ҳақидаги баҳони хитойлик тадқиқотчилар Цю Ван ва Юнхао Ван келтирган. Уларнинг маълумотлари «Chinese Journal of International Review» журналида эълон қилинган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, Марказий Осиё марганец, хром, қўрғошин, сурма ва уран каби бошқа фойдали қазилмалар бўйича ҳам дунё захираларининг катта қисмига эга.
Таққослаш учун, АҚШ Геология хизмати (USGS) дунёдаги волфрам захираларини 4,7 миллион тоннадан ортиқ деб баҳолайди. Шундан 2,5 миллион тоннаси Хитойга, 570 минг тоннаси Австралияга, 400 минг тоннаси Россияга тўғри келади. Ушбу жадвалда Қозоғистон бўйича кўрсаткич келтирилмаган.
Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари бўйича берилган баҳолар бир-биридан фарқ қилади. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) Қозоғистонда 2 миллион тонна, Қирғизистонда 123,16 минг тонна ва Ўзбекистонда 2,6 минг тонна волфрам захираси борлигини келтиради. Қозоғистон Геология қўмитаси эса мамлакатнинг минерал-хомашё базасида 2,4 миллион тонна волфрам бор деб баҳолайди. Мутахассислар бундай фарқларни захираларни ҳисоблаш тизимлари турлича экани билан изоҳлайди. Шу сабабли 28,52 фоизлик кўрсаткич — маълум бир тадқиқотнинг баҳоси, халқаро миқёсдаги расмий рейтинг эмас. Агар бу кўрсаткич USGS маълумотлари билан таққосланса, Марказий Осиё Хитойдан кейин иккинчи ўринда туриши мумкин.
Нега волфрамга эътибор кучайди?
Жаҳон волфрам бозори катта даражада Хитойга боғлиқ. USGS маълумотларига кўра, 2025-йилда дунёдаги волфрам қазиб олишнинг қарийб 79 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келган. Яъни 85 минг тоннaлик жаҳон ишлаб чиқаришининг 67 минг тоннаси Хитойда қазиб олинган. 2025-йил феврал ойида Пекин волфрам маҳсулотларининг айрим турларини экспорт қилишни чеклади. Шундан кейин вольфрам нархи тез кўтарила бошлади.
Волфрам жуда мустаҳкам қотишмалар ва кесувчи асбоблар ишлаб чиқаришда, шунингдек, электроника, авиация ва мудофаа саноатида ишлатилади. USGS маълумотларига кўра, кўплаб соҳаларда вольфрамни бошқа материаллар билан алмаштириш қийин. USGS маълумотларига кўра, 2025-йилда 65 фоизли волфрам концентрати нархи таркибидаги волфрам уч оксиди (WO₃)нинг ҳар 10 килограмми ҳисобида 266 доллардан 551 долларгача ошган. Волфрамни қайта ишлашда асосий маҳсулотлардан бири ҳисобланган аммоний параволфраматининг (APT) нархи эса худди шу миқдордаги WO₃ ҳисобида 331 доллардан 675 долларгача кўтарилган.
2026-йилда ҳам нархларнинг ўсиши давом этди. «China Tungsten Industry News Center» маълумотларига кўра, 13-август куни Европада APT нархи 10 килограмм WO₃ учун 2 900–3 275 долларга етган. Бу йил бошидаги кўрсаткичдан уч баробардан ҳам юқори.
Тожикистон ва Жанубий Корея: Майхура ва янги таъминот занжири
2026-йил 12-август куни Сеул шаҳрида муҳим минераллар бўйича биринчи Тожикистон–Корея форуми бўлиб ўтди. Унда геологик қидирув ишларини биргаликда олиб бориш, конларни ўзлаштириш, инвестициялар, лойиҳаларни молиялаштириш ва таъминот занжирларини яратиш масалалари муҳокама қилинди. Алоҳида сессия Корея ва Тожикистон ўртасида вольфрам таъминот занжирини яратишга бағишланди.
Жанубий Кореянинг «GB Innovation» компанияси TALCO билан биргаликда Майхура конини ривожлантирмоқда. Компаниянинг ўз маълумотларига кўра, кон ҳудудида ўртача вольфрам миқдори қарийб 0,95 фоиз бўлган 1,92 миллион тонна руда мавжуд. Режага кўра, йилига қарийб 1,4 минг тонна волфрам концентрати ишлаб чиқарилади. «GB Innovation» Тожикистондаги ушбу лойиҳани Жанубий Корея саноати, жумладан, яримўтказгич ва мудофаа маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун кенгроқ таъминот занжирининг бир қисми сифатида кўрмоқда.
Форумда Жанубий Корея томони Тожикистоннинг минерал захираларини Кореянинг геологик қидирув ва конларни ўзлаштириш технологиялари ҳамда Жанубий Корея саноатининг талабини бирлаштиришдан манфаатдор эканини билдирди. Тожикистон томони эса ўзининг конлари ва лойиҳаларини, шунингдек, муҳим минераллар саноатини ривожлантириш режаларини тақдим этди.
Қозоғистон ва Ўзбекистон: қазиб олишдан қайта ишлашгача
Қозоғистонда йирик волфрам лойиҳалари АҚШ ва Хитой компаниялари иштирокида ривожлантирилмоқда. Американинг «Cove Capital» компанияси ва «Tau-Ken Samruk» Шимолий Катпар ва Юқори Қайроқти конлари устида ишламоқда. Лойиҳанинг қиймати 1,1 миллиард доллар деб баҳоланмоқда. АҚШ эса лойиҳани 700 миллион долларгача молиялаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Лойиҳа доирасида рудани Қозоғистоннинг ўзида қайта ишлаш ва аммоний параволфраматини (APT) ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Қозоғистонда Хитой иштирокидаги Боғути лойиҳаси ҳам аллақачон ишламоқда. Қиймати 300 миллион доллар бўлган завод волфрам концентрати ишлаб чиқаради. Кейинги босқичда эса волфрам карбидини ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Хитой билан ҳамкорлик давлатлараро даражада ҳам ривожланмоқда. 2025-йилда «яшил минераллар» «Хитой — Марказий Осиё» форматидаги устувор йўналишлардан бирига айланди.
Ўзбекистон ҳам волфрамни чуқур қайта ишлашга катта эътибор қаратмоқда. 2026-йил июн ойида ҳукумат 2026–2030-йилларга мўлжалланган муҳим минералларни ривожлантириш дастурини тақдим этди. Дастурнинг қиймати 4,2 миллиард долларни ташкил қилади.
Волфрам ва молибден бўйича хомашёдан бошлаб металл кукунлари, қотишмалар ва тайёр саноат маҳсулотларигача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини яратиш режалаштирилган.
Европа Иттифоқи: муҳим минераллар минтақа билан ҳамкорликнинг бир қисмига айланмоқда
Европа Иттифоқи муҳим минераллар бўйича ҳамкорликни нафақат алоҳида давлатлар билан, балки Марказий Осиё билан бутун минтақа сифатида ҳам ривожлантирмоқда. 2025-йил апрел ойида Самарқандда бўлиб ўтган биринчи Европа Иттифоқи — Марказий Осиё саммитида томонлар ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Шунингдек, муҳим хомашё бўйича ҳамкорлик декларацияси қўллаб-қувватланди.
Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги қўшма ҳужжатларда барқарор ишлаб чиқариш занжирларини ривожлантириш, хомашёни минтақанинг ўзида қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда халқаро меҳнат ва экологик стандартлардан фойдаланиш масалалари белгиланган. Европа Иттифоқининг Қозоғистон ва Ўзбекистон билан муҳим хомашё бўйича алоҳида ҳамкорлик келишувлари ҳам мавжуд.





