Ногиронлиги бўлган болалар учун янги хизмат жорий этилади

Бугун 11:402 дақиқа

Ҳукумат қарори билан ногиронлиги белгиланган ва ривожланишида хавф мавжуд бўлган болалар учун «Эрта аралашув» хизмати тартиби тасдиқланди.

Ногиронлиги бўлган болалар учун янги хизмат жорий этилади © Javhar Chorshanbiyeva

Ҳукуматнинг янги қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда «Эрта аралашув» хизмати кўрсатиш тартиби расман тасдиқланди. Янги тизим ногиронлиги белгиланган ёки ривожланишида орқада қолиш хавфи мавжуд бўлган болаларга эрта босқичда ёрдам кўрсатишни назарда тутади.

Мазкур қарор болаларнинг соғлиғи ва ривожланишидаги муаммоларни илк босқичда аниқлаш ҳамда уларга ўз вақтида ижтимоий ва тиббий кўмак бериш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Ҳужжатга кўра, хизматдан фойдаланувчилар тоифаси аниқ белгилаб берилган ва мурожаат қилиш ҳамда хизмат кўрсатишнинг босқичма-босқич механизми ишлаб чиқилган.

Кимлар қамраб олинади?

Қарорга мувофиқ, хизмат туғилганидан 3 ёшгача бўлган ва белгиланган ташхислар асосида ногиронлиги тасдиқланган болаларга кўрсатилади.

Шунингдек, оилавий шифокор томонидан ривожланишида орқада қолиш хавфи мавжудлиги ҳақида хулоса берилган 1 ёшгача бўлган болалар ҳам хизматдан фойдаланиши мумкин.

Бундан ташқари, 1–3 ёш оралиғидаги ҳамда ривожланишида хавф белгилари аниқланган болалар ҳам тизимга киритилади.

Мурожаат тартиби қандай?

Ота-оналар хизматдан фойдаланиш учун «Инсон» марказлари, Давлат хизматлари марказлари, ЯИДХП ёки «Ижтимоий карта» иловаси орқали мурожаат қилиши мумкин.

Сўровнома тасдиқланганидан кейин бир иш куни ичида электрон ваучер шакллантирилади. Ваучер расмийлаштирилганидан сўнг ота-оналар 30 кун ичида ундан фойдаланишни бошлаши керак.

Нодавлат ташкилот буюртмани қабул қилгач, 10 иш куни давомида ота-оналар билан бирга боланинг индивидуал эрта аралашув режаси ишлаб чиқилади. Хизмат ҳафтасига олти кун, соат 08:00–18:00 оралиғида кўрсатилади ва харажатлар субсидия асосида қопланади.

Теглар

Мавзуга оид