add

«Ўлдингизми?»: Ёлғиз ўлиб қолишдан қўрқиш Хитойда янги бизнес турини яратди

Бугун 16:453 дақиқа

Хитойда ёлғизлик эпидемияси шу даражага етдики, одамлар ўз ўлими ҳақида яқинларига хабар берадиган иловалар учун пул тўлашмоқда.

«Ўлдингизми?»: Ёлғиз ўлиб қолишдан қўрқиш Хитойда янги бизнес турини яратди

Ғамгин номга эга бўлган мобил илова Хитойда Apple Store’нинг пулли иловалар рўйхатида биринчи ўринга чиқди. Бу эса ёшлар учун ҳам, кексалар учун ҳам замонавий ҳаёт қанчалик оғир эканини яққол намоён этмоқда.

Хитой тилида «Sile Me» деб аталувчи халқаро миқёсда эса «Are You Dead?» («Ўлдингизми?») номи билан танилган илова фойдаланувчилардан марказида мултфилм қаҳрамони — арвоҳ тасвирланган оч яшил тугмани босиш орқали ҳар куни рўйхатдан ўтишни сўрайди. Агар фойдаланувчи кетма-кет икки кун давомида рўйхатдан ўтмаса, тизим фойдаланувчи томонидан танланган фавқулодда алоқа шахсига автоматик равишда электрон хат юборади.

Гарчи «Sile Me» ўтган йили бепул илова сифатида ишга туширилган бўлса-да, у аста-секин пуллик тоифага ўтди ва январ ойининг биринчи ҳафтасида Хитойда энг кўп сотиладиган пуллик иловага айланди. 8 юан ($1.15) эвазига илова мамлакат бўйлаб ёлғиз яшаётган миллионлаб одамларга хавфсизлик ҳиссини беради.

Sile Me (халқаро номи Demumu) АҚШ, Сингапур ва Гонконгда ҳам энг кўп сотилаётган коммунал иловалар қаторида иккинчи ўринга чиқди. Бу, асосан, у ерларда яшаётган хитойлик муҳожирлар ҳисобига рўй берган.

Apple Store’да илова «ёлғиз яшаётган одамлар учун яратилган енгил хавфсизлик воситаси» деб таърифланади. У текшириб туриш (check-in) ва фавқулодда алоқа механизмлари орқали «кўринмас хавфсизлик ҳимоясини» яратишга хизмат қилади.

Хитойда ёлғиз яшаш кўпинча қаттиқ ёлғизлик ва ҳеч ким сезмай қолиши мумкин бўлган ўлим қўрқувини кучайтиради. Мутахассислар 2030 йилга бориб мамлакатда якка шахсли хўжаликлар сони 200 миллионга етиши мумкинлигини айтишмоқда.

Кўплаб ёш хитойликлар турмуш қурмасдан ёлғиз яшашни танлаяпти, кексалар эса қариндошларисиз қолиб, уйларида яккаликда умр кечирмоқда. 2024 йил Хитой аҳолиси кетма-кет учинчи йил камайди. Мамлакат бир йил олдин дунёдаги энг кўп аҳолига эга давлат мақомини Ҳиндистонга берган эди. Бунга 1980–2015 йилларда амал қилган «бир бола сиёсати», шаҳарлашув ва иқтисодий босимлар сабаб бўлган.

2024 йилда якка шахсли уй хўжаликлари умумий уйларнинг 19,5 фоизини ташкил қилди. Бу икки ўн йил олдин атиги 7,8 фоиз эди.

Илова яратувчилари — 1995 йилдан кейин туғилган уч нафар ёш асосчи — лойиҳанинг шиддат билан оммалашиб кетганини айтмоқда. Улар сўнгги кунларда юклаб олишлар 100 баробардан зиёд ошганини, бу сервер харажатларини кескин кўтарганини маълум қилди.

Лойиҳа атиги 1000 юан атрофида маблағ билан яратилган, аммо ҳозир асосчилар компаниянинг 10 фоизини сотиб, 1 миллион юан жалб қилмоқчи.

Уларнинг сўзларига кўра, асосий мижозлар — йирик шаҳарларда ёлғиз яшаётган 25 ёш атрофидаги ёш аёллар бўлиб, улар ёлғизлик ва кутилмаган ҳолатлардан қўрқиш ҳиссини кучли бошдан кечиради.

«Бу одамлар мулоқот қиладиган киши йўқлиги сабаб «кучли ёлғизлик ҳиссини туйишлари... шу билан бирга... ҳеч ким билмаган ҳолда кутилмаган ҳодисалар содир бўлишидан хавотирланишлари» эҳтимоли юқори», - деди ўзини жаноб Лю деб таништирган асосчилардан бири Financial Times нашрига.

Гарчи илова Хитой ижтимоий тармоқларида кенг олқишланган бўлса-да, унинг номида ўлимни англатувчи хитойча сўзнинг ишлатилиши танқидларга ҳам сабаб бўлди. Хитой жануби-ғарбидаги Сичуандан бўлган Чжао фамилияли фойдаланувчи, агар илова номи «Тирикмисиз?» деб ўзгартирилса, уни юклаб олиш учун пул тўлашга тайёрлигини айтди.

Ишлаб чиқувчилар эса яқинда хабар алмашиш функциялари ва кексалар учун қулай имкониятларни қўшишни, шунингдек, илова номини ўзгартиришни ҳам кўриб чиқишларини маълум қилди.

Теглар

Мавзуга оид