Тошкентда сунъий ёмғир лойиҳаси бошланади
Тошкентда 2027 йилгача сунъий ёмғир ёғдириш орқали ҳаво сифатини яхшилаш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда атмосфера ҳавосини яхшилашга қаратилган янги ташаббус доирасида сунъий ёмғир ёғдириш технологиясини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Президент фармони қабул қилинди.
Лойиҳа муддати
Ҳужжатга мувофиқ, Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятида намлик паст бўлган ҳудудларда махсус ускуналар ўрнатилиб, сунъий ёмғир чақириш амалиёти йўлга қўйилади. Лойиҳа 2027 йил 1 октябрга қадар амалга оширилиши белгиланган.
Мазкур технологияни жорий этиш орқали ҳаводаги чанг ва зарарли моддаларни камайтириш, атмосфера сифатини қисқа муддатда яхшилаш мақсад қилинган. Шу билан бирга, қурғоқчилик шароитида намликни оширишга ҳам эришиш режалаштирилмоқда.
Масъул ташкилот
Фармонга асосан, ушбу ташаббусни амалга ошириш Экология қўмитаси, Фанлар академияси ва Олий таълим вазирлиги зиммасига юклатилган. Уларга хорижий тажрибани ўрганиб, самарали ечимларни жорий қилиш вазифаси қўйилган.
Сунъий ёмғир технологияси аввалроқ 2026 йил давлат дастурига ҳам киритилган эди. Унга кўра, 2026 йил 1 мартдан бошлаб пилот лойиҳани ишлаб чиқиш ва камида 3–5 та амалий синов ўтказиш режалаштирилган.
Пилот синовлар натижасида ёғингарчилик ҳажмини табиий ҳолатга нисбатан 10–20 фоизга ошириш кутилмоқда. Мутахассислар бу технологияни экологик барқарорликни таъминлашда муҳим қадам сифатида баҳоламоқда.





