add

Олтин нархи 4 500 доллардан ошиб, кумуш ва платина рекордни янгилади

Бугун 13:352322 дақиқа

Жаҳонда хавфсиз активларга талаб ортиши ва АҚШ ставкалари пасайиши бўйича кутилмалар қимматбаҳо металлар нархини тарихий рекордга олиб чиқди.

Олтин нархи 4 500 доллардан ошиб, кумуш ва платина рекордни янгилади

24 декабр куни жаҳон молия бозорларида қимматбаҳо металлар нархи тарихий рекордларни янгилади. «Reuters» хабарига кўра, чоршанба куни олтин биринчи марта бир унция учун 4500 доллар чегарасидан ошиб кетди. Инвесторлар қимматбаҳо металларни хавфсиз бошпана сифатида фаол харид қила бошлади. Бу эса келгуси йилда АҚШ фоиз ставкалари яна пасайиши мумкинлиги ҳақидаги кутилмалар билан боғлиқ.

Қайд этилишича, спот олтин бугун соат 3:59 (GMT) ҳолатида 0,1 фоизга ўсиб, бир унция учун 4 492,51 долларга етди. Савдолар бошида эса нарх 4525,19 долларгача кўтарилиб, мутлақ рекорд қайд этилди. Феврал ойида етказиб бериладиган АҚШ олтин фючерслари ҳам 0,3 фоизга ўсиб, 4520,60 доллар билан тарихий энг юқори даражага чиқди.

Кумуш бозорида ҳам рекорд кузатилди. Металл аввалроқ унцияси учун 72,70 долларгача кўтарилиб, тарихдаги энг юқори кўрсаткичга эришди. Савдолар давомида кумуш 1,2 фоизга ўсиб, 72,27 доллар атрофида шаклланди. Платина эса янада кучли ўсиш намойиш этиб, унцияси 2 377,50 долларгача чиқди, кейинчалик 3,3 фоиз ўсиш билан 2 351,05 доллар даражасида савдо қилинди.

Таъкидланишича, қимматбаҳо металлар де-глобаллашув шароитида, айниқса, АҚШ ва Хитой ўртасидаги кескинлик давом этаётган бир пайтда, суверен хавф-хатарлардан холи нейтрал актив сифатида кўрила бошлади. Йил охирида ликвидлик пастлиги нарх ўзгаришларини кучайтирган бўлса-да, умумий тенденция узоқ давом этиши мумкин.

Шунингдек, бошқа бир прогнозларга кўра, олтин келгуси 6-12 ой ичида 5 минг долларгача, кумуш эса 80 долларгача кўтарилиши эҳтимоли бор.

Маълумотларга кўра, олтин 2025 йил давомида 70 фоиздан кўпроқ ўсди. Бу 1979 йилдан бери қайд этилган энг катта йиллик ўсиш ҳисобланади. Ўсишга хавфсиз активларга талаб, АҚШ ставкалари пасайиши кутилмалари, марказий банкларнинг фаол харидлари, долларсизланиш тенденцияси кабилар туртки бўлди.

Худди шу даврда кумуш 150 фоиздан кўпроқ ўсиб, инвестиция талаби юқорилиги ва АҚШнинг муҳим минераллар рўйхатига киритилиши ҳисобига олтиндан ҳам юқори суръат кўрсатди.

Платина ва палладий эса асосан автомобил каталитик конверторларида қўлланилишига қарамай, таъминот чекланиши, тарифлар бўйича ноаниқлик ва инвестиция талабининг ўзгариши туфайли йил давомида кескин ўсишни қайд этди. Платина қарийб 160 фоизга, палладий эса 100 фоиздан ортиққа қимматлади.

Аввалроқ Vaqt.uz олтинга қандай қилиб сармоя қилиш, нархлар ўзгариши ва кутилмалар ҳақида материал эълон қилган эди.

Теглар

Мавзуга оид