
Олтин рекордда: унга қандай сармоя қилса бўлади?
Бугун олтин нархи тарихий рекордни янгилаб, унцияда 4 400 доллардан ошди. Ўзбекистонликлар орасида олтинга қизиқиш жуда юқори. Vaqt.uz олтинга қандай қилиб сармоя қилиш, нархлар ўзгариши ва кутилмалар ҳақида маълумот беради.

2025 йил олтин учун сўнгги 50 йил ичида энг яхши йил бўлди. Йил давомида қимматбаҳо метал нархи бир неча бор тарихий рекордларни янгилади.
Январ ойида олтиннинг глобал нархи троя унциясида (28,3 гр) 2 650 доллар атрофида эди. Бугун нарх тарихда биринчи марта 4 400 доллардан ошиб, 4 420 долларгача чиқди.
Табиийки, олтин Ўзбекистонда ҳам кескин қимматлади. Мамлакатда олтин қуймаларига талаб ошди ва уларнинг нархи ҳам йил давомида ўсишда давом этди.
Vaqt.uz олтин қуймалари нархи ўзгариши, уларни қандай сотиб олиш ва кутилмалар ҳақида маълумот беради.

finlit.uz
Марказий банк олтин қуймалари сотувини 2020 йилда бошлаган. Дастлаб 4 хил кўринишдаги — 5 гр, 10 гр, 20 гр ва 50 гр қуймалар сотувга чиқарилган бўлса, 2025 йилдан бошлаб 100 гр кўринишидаги қуймаларнинг ҳам сотуви йўлга қўйилди.
Олтин қуймаларини Ўзбекистонда асосан банклар сотади. Улар Италиянинг “Certiline Srl.” компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган махсус қадоқларда муомалага чиқарилади. Қуйма ва унинг қадоғи бир хил серия рақамига эга бўлади.
Заргарлик дўконлари ҳам ўзлари ишлаб чиқарган олтин қуймаларини аҳолига таклиф қилиб келмоқда. Бироқ, кўп ҳолларда банклардаги нарх дўкон ва бозорлардаги нархдан пастроқ бўлади.

Мамлакатдаги ҳамма банк ҳам олтин қуймаларини сотавермайди. Қайси банкдан қуйма сотиб олиш мумкинлигини Марказий банкнинг расмий сайтидан билиб олиш мумкин — https://cbu.uz/oz/banknotes-coins/gold-bars/balance/.
Сайт орқали фойдаланувчилар ўзларига яқин банкда қанча олтин қуйма борлигини билиш имкониятига эга. Масалан, 18 декабрь ҳолатига кўра, Тошкент шаҳри бўйича “Халқ банки”нинг Яккасарой филиалида энг кўп қуйма бор.
Нархларни қандай билиш мумкин?
Албатта, олтин қуйма сотиб олгач, уни нархларини ҳам доимий кузатиб бориш керак. Бу аввал анча қулайроқ эди — Марказий банк расмий Телеграм каналида нархларни кунлик эълон қилиб борарди. Ҳозирда нархларнинг билиш учун расмий сайтга кириш керак — https://cbu.uz/uz/banknotes-coins/gold-bars/prices/. Маълумотлар кун давомида ўзгариши мумкин.

22 декабрь ҳолати бўйича, олтин қуйманинг 5 гр кўринишидагиси 8,7 млн сўмдан, 100 гр кўринишидагиси эса 174,4 млн сўмдан сотилмоқда.
Банклардан олтин қуймаларни Марказий банкнинг расмий сайтида кўрсатилган нархда сотиб олиш мумкин. Бироқ, қайтариб сотишда банклар ўша кунги белгиланган нархдан 1-4 фоиз атрофида комиссия ушлаб қолади.
Олтин қуймани қимматроқ сотиш учун ҳимоя қадоғини эҳтиёт қилиш керак. Қадоқ бузилган ёки техник талабларга жавоб бермаган ҳолларда банклар қуймани экспертизадан ўтказади ва арзонроқ нархда сотиб олади.
Онлайн олтин сотиб олиш
Ўзбекистонда олтинни онлайн сотиб олиш имконияти ҳам бор. Баҳорда “Миллий банк” биринчилардан бўлиб, мобил илова орқали сармоя қилиш мумкин бўлган “Олтин омонат”ни ишга туширганди.
Кейинчалик Paynet “Халқ банки” билан биргаликда олтин қуймаларининг онлайн сотувини йўлга қўйди. Бунда асосий қулайлик — қуймани сотиб олиб, банкда хавфсиз сақлаш.

Paynet ilovasi
Олтин қуймалари офлайн тарзда сотиб олинганда, уларни сақлаш қўшимча харажат талаб қилиши мумкин. Масалан, хавфсизлик мақсадида банк ячейкаларидан фойдаланиш учун тўлов амалга ошириш керак.
Бундан ташқари, бошқа бир нечта банклар ҳам олтинга онлайн сармоя киритиш имкониятини яратмоқда.
Олтин қуймаларини хорижга олиб чиқиш мумкинми?
Жисмоний шахслар олтин қуймаларни сертификати билан бирга чет элга тўсиқларсиз олиб чиқиши мумкин. Бунда қуймалар нархи қонунчилик томонидан бегиланган миқдор — 5 000 доллардан ошган тақдирда божхона декларацияси тўлдирилиши керак.
1 ноябрдан бошлаб декларациясини мобил илова орқали онлайн тўлдириш имконияти яратилган. Бунинг учун “Йўловчи-декларацияси” мобил иловасидан фойдаланиш керак.
2025 йил — олтин йили
Бу йил олтин эгалари учун жуда муваффақиятли йилга айланди. Олтиннинг глобал нархи йил бошидан бери 66-67 фоизга ошди. Олтин қуйма сотиб олган ўзбекистонликлар ҳам яхшигина даромад кўрди.

Markaziy bank
Масалан, Марказий банк январ ойида 100 гр кўринишидаги олтин қуймаларни 116,6 млн сўм нарх билан сотувга чиқарганди. Айни пайтда нарх қарийб 60 млн сўмга ўсган.
Олтинни заргарлик буюмлари сифатида сотиб олганлар ҳам ҳозирда уни яхшигина фойда билан сотишлари мумкин.
Юқори нархлар фонида 2025 йилда ўзбекистонликлар орасида олтинга қизиқиш кескин ошди. Сўнгги очиқланган маълумотларга кўра, 9 ой ичида мамлакат аҳолиси 380 кг олтин қуйма сотиб олган. Бу эса бутун бошли 2024 йилга нисбатан 61 фоизга кўпроқ.
2026 йил нарх қандай бўлади?
Олтин нархи аксарият таҳлилчилар томонида 2026 йилда ҳам ўсиши кутилмоқда. JP Morgan таҳлилчилари кейинги йил охирида олтинни 5 200—5 300 доллар атрофида бўлади деб кутмоқда. Goldman Sachs прогнози эса 4 900 доллар атрофида.
Ушбу кутилмалар амалга ошадиган бўлса, 100 гр кўринишидаги олтин қуйма нархи 2026 йилда 200 млн сўмдан ошади. Бу эса унга бўлган талабни янада кучайтириши кутилмоқда.
Марказий банк олтин нархи 2026 йилга келиб 4 000 доллар атрофида бўлишини прогноз қилганди. Вазиятга қараб нарх 5 500 долларгача чиқиши ёки 2 500 долларгача арзонлаши ҳам мумкин.
Бунга сабаб прогнозлар ўз номи билан кутилма бўлиб, доим ҳам амалга ошавермайди. Масалан, Goldman Sachs 2025 йил аввалида олтинни 2026 йилдагина унцияда 3 000 долларлик маррани кесиб ўтишини прогноз қилганди.
Амалда эса олтин нархлари кейинги уч ой ичида 3 000 доллардан ошди. Goldman Sachs анча ишончли ва нуфузли ташкилот бўлсада, бозордаги вазият қандай ривожланишини, нархлар қандай ўзгаришини таҳмин қилолмади ва бу табиий жараён.
Олтин узоқ муддатли инвестиция сифатида барқарор ва ишончли ҳисобланади. Шу сабабли олтинга сармоя қилинаётганда қисқа муддатга эмас, бир неча йилга мўлжаллаб фойдани кутиш тавсия қилинади.
Теглар






