Logo

Олтин нархи ўсиши бюджетга 70 трлн сўмдан ортиқ қўшимча даромад келтиради

Бугун 17:552 дақиқа

Жаҳон бозорида олтин нархининг кутилганидан юқори шаклланиши ва солиқ маъмуриятчилигидаги ўзгаришлар натижасида Ўзбекистон давлат бюджети даромадлари 2026-йилда режадан анча юқори бўлиши кутилмоқда.

Олтин нархи ўсиши бюджетга 70 трлн сўмдан ортиқ қўшимча даромад келтиради

2026-йил якунларига кўра, Ўзбекистон давлат бюджети даромадлари 439,7 трлн сўмни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Бу бюджет тўғрисидаги қонун билан тасдиқланган кўрсаткичдан 19 фоизга юқори. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган 2027–2029-йилларга мўлжалланган Фискал стратегияда қайд этилган.

Вазирликка кўра, прогнознинг қайта кўриб чиқилишига солиқ маъмуриятчилигининг такомиллаштирилиши ҳамда қимматбаҳо металлар, айниқса олтиннинг жаҳон бозоридаги нархи аввалги кутилмалардан юқори шакллангани асосий омил бўлган.

2025-йил бўйича кутилган ижро кўрсаткичи — 359,8 трлн сўм билан солиштирилганда, 2026-йилда бюджет даромадлари қарийб 80 трлн сўмга ёки 22,2 фоизга ошиши кутилмоқда.

Солиқ тушумлари ўсади

Фискал стратегияга кўра, энг юқори ўсиш суръати тўғридан-тўғри солиқлар ҳисобига таъминланади. Ушбу йўналиш бўйича тушумлар 149,6 трлн сўмни ташкил этиб, 2025-йилга нисбатан 27 фоизга ўсади.

Жумладан, фойда солиғидан тушумлар 96,5 трлн сўмга етиб, 33,5 фоизга ошиши кутилмоқда. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 49,8 трлн сўм (+17,5 фоиз), айланма солиғи эса 3,2 трлн сўм (+3,2 фоиз) бўлади.

Билвосита солиқлардан тушумлар 131,6 трлн сўмгача (+20,1 фоиз) ўсиши прогноз қилинган. Бунда ҚҚС 93 трлн сўм (+22,4 фоиз), акциз солиғи 24,5 трлн сўм (+11,9 фоиз), божхона божлари эса 14,1 трлн сўм (+20,5 фоиз)ни ташкил этиши кутилмоқда.

Ресурс ва мулк солиқларидан тушумлар 54,5 трлн сўмга (+21,4 фоиз) етади. Шу жумладан, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ 31,5 трлн сўм (+22,1 фоиз), ер солиғи 12,5 трлн сўм (+25 фоиз), мулк солиғи 9,2 трлн сўм (+15 фоиз) бўлиши прогноз қилинган. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ эса 1,2 трлн сўм даражасида ўзгаришсиз қолади.

Бошқа даромадлар ҳажми 104 трлн сўмга етиб, 2025 йилга нисбатан 19,5 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Кейинги йиллар прогнози

Фискал стратегияга мувофиқ, 2027-йилда давлат бюджети даромадлари 422,3 трлн сўм ёки ЯИМнинг 17,1 фоизи миқдорида прогноз қилинган.

Бу йилда ҳам тушумларнинг энг йирик қисми билвосита солиқлар ҳиссасига тўғри келади — 146,8 трлн сўм ёки жами даромадларнинг 34,8 фоизи. Тўғридан-тўғри солиқлар 141,9 трлн сўм (33,6 фоиз), ресурс ва мулк тўловлари 52,9 трлн сўм (12,5 фоиз), бошқа ҳамда солиқ бўлмаган даромадлар эса 80,7 трлн сўм (19,1 фоиз) этиши кутилмоқда.

Вазирлик прогнозига кўра, бюджетнинг даромадлар базаси кейинги йилларда ҳам кенгайиб боради. Хусусан, 2028-йилда давлат бюджети даромадлари 483,1 трлн сўм, 2029-йилда эса 554,1 трлн сўмга етиши кутилмоқда. Бу прогноз иқтисодий ўсиш суръатлари ҳамда солиқ-божхона сиёсатида режалаштирилган ўзгаришлар ҳисобга олинган ҳолда шакллантирилган.

Теглар

Мавзуга оид