
Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатига олувчи орган аниқ бўлди
АОКА тугатилгандан сўнг, оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказадиган ташкилот номаълум бўлиб қолаётганди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) фаолияти тугатилиб, унинг асосида Миллий контент ишлаб чиқарувчи марказ ташкил этилганди. Шунинг учун, июл ойидан бери ОАВни рўйхатга олувчи ваколатли органнинг мавжуд эмаслиги туфайли янги ОАВни рўйхатдан ўтказиш амалиёти тўхтаб қолган эди.
Аввалроқ президентнинг 2025 йил 11 декабрда «Ахборот ва рақамли технологиялар соҳаларида давлат назорати тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилингани ҳақида хабар бергандик.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олиш бўйича ваколатли орган расман белгиланди. Унга кўра, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси ОАВни рўйхатга олувчи орган сифатида фаолият юритади.
Шунингдек, инспекцияга ахборотлаштириш, телекоммуникациялар, почта алоқаси ва рақамли технологиялар соҳаларида давлат назоратини амалга ошириш ваколати берилди. Шу билан бирга, ОАВларнинг қонунчиликка риоя этишини мониторинг қилиш ва назорат қилиш ҳам унинг асосий вазифалари сифатида белгилаб қўйилди.





