Ошиш кутилаётган алимент, санъаткорлар учун солиқ ва хорижда сақлашга рухсат берилган шахсий маълумотлар — 27-март дайжести

Кеча 23:553 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ошиш кутилаётган алимент, санъаткорлар учун солиқ ва хорижда сақлашга рухсат берилган шахсий маълумотлар — 27-март дайжести

Ўзбекистонда санъаткорлар учун ҳар бир хизматга солиқ жорий этилади

Ўзбекистонда 1 сентябрдан ижодкорлар ҳар бир чиқиши учун алоҳида солиқ тўлаши мумкин. Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага кўра, барча концерт ва томоша хизматлари махсус электрон тизимда рўйхатдан ўтказилади. 2029 йилгача солиқ «битта хизмат — битта тўлов» тамойили асосида белгиланган ставка бўйича ундирилади, кейин эса шартнома қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Ҳужжатда айтилишича, ҳатто бепул хизматлар учун ҳам солиқ тўлаш мажбурий бўлади (давлат тадбирлари бундан мустасно). Шунингдек, ижрочилар даромадининг 30 фоизини ҳужжатсиз харажат сифатида чегириш имконига эга бўлади. Агар даромад яширилса, камида БҲМнинг 20 баравари миқдорида жарима қўлланилади ва бу ҳақда хабар берган шахсларга жариманинг 20 фоизи мукофот сифатида берилади.

Мутасаддиларга кўра, ушбу ислоҳотнинг асосий мақсади шоу-бизнес соҳасида шаффофликни ошириш ва бюджет тушумларини кўпайтиришдир. Янги тартиб хизматлар бозорида нархларга таъсир қилиши мумкин, бироқ расмийлар бу чора иқтисодиётни «соя»дан чиқаришга хизмат қилишини таъкидламоқда.

Транспорт воситалари учун нақдсиз ҳисоб-китоблар ноқулайлик туғдирмади — Марказий банк

2025-йилда Ўзбекистон жамоат транспортида 692 миллион транзакция амалга оширилиб, бу ўтган йилга нисбатан 36 фоизга ошди. Марказий банк маълумотига кўра, транспорт карталари орқали 213 миллион тўлов қайд этилган (52 фоиз ўсиш), мобил иловалар ва виртуал карталар орқали амалга оширилган операциялар эса 234 фоизга кўпайган. Шу билан бирга, 2025 йилнинг биринчи ярмида жамоат транспортидан фойдаланганлар сони 206 миллион нафарни ташкил этиб, йиллик ҳисобда 31 фоизга ошган.

Умуман, мамлакатда нақдсиз тўловлар улуши ортиб бормоқда: аҳоли тўловлари 692 миллиард сўмга етган (+16%), нақд пул ечиб олиш даражаси эса 13–14 фоиз атрофида сақланган. Марказий банк раиси биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев таъкидлашича, нақдсиз ҳисоб-китоблар жорий этилиши аҳолида ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмаган ва фуқаролар рақамли тўловларга тез мослашган.

Алиментнинг энг кам миқдори ошиши мумкин

Ўзбекистонда оила муносабатларини тартибга солишга қаратилган янги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ҳужжатда алимент тўловлари тартибини ўзгартириш ва унинг минимал миқдорини ошириш таклиф қилинмоқда.

Амалда ҳар бир бола учун алимент меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги белгиланган бўлиб, ҳозирда бу 336 минг сўм атрофида. Янги таклифга кўра эса бу кўрсаткич минимал истеъмол харажатлари миқдорига боғланади ва тахминан 715 минг сўмни ташкил этади. Бу ўзгариш амалга ошса, алимент тўловлари деярли икки баробарга ошиши мумкин.

M2M ўтказмаларда комиссия камайадими?

Ўзбекистонда M2M (ўзидан ўзига) ўтказмалар бўйича комиссиялар камайтирилиши ёки бекор қилиниши кутилмаяпти. Марказий банк расмий изоҳига кўра, регулятор тижорат банклари ва тўлов ташкилотларига комиссия миқдорини белгилаб бериш ваколатига эга эмас.

Марказий банк раиси биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев таъкидлашича, комиссиялар ҳар бир банкнинг ички сиёсатига боғлиқ бўлиб, уларни ошириш ёки камайтириш масаласи мустақил равишда ҳал қилинади. Шу билан бирга, ҳисобдан ҳисобга (account-to-account) реал вақтда тўғридан-тўғри ўтказмалар учун техник имкониятлар яратилган. Энди ушбу тизимдан фойдаланиш ёки унга қандай тариф қўллаш банкларнинг ўзига боғлиқ.

Шахсий маълумотларни хорижда сақлашга рухсат берилди

Ўзбекистонда шахсий маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш тартибига ўзгартиш киритилди. Киритилган ўзгартиришларга кўра, қуйидаги шахсга доир маълумотлар Ўзбекистон ҳудудида сақланиши шарт:

• шахсларнинг биометрик маълумотлари;

• шахсларнинг генетик маълумотлари;

• Ўзбекистон ҳудудида фаолият олиб бораётган телекоммуникациялар операторларидаги уларнинг хизматларидан фойдаланувчи жисмоний шахсларнинг маълумотлари.

Юқорида кўрсатилмаган шахсга доир маълумотлар қуйидаги шартлардан бири бажарилганда, Ўзбекистондан ташқарида сақланиши ва ишлов берилиши мумкин:

• чет давлатни шахсга доир маълумотларнинг бир хил ҳимоя қилинишини таъминловчи давлат сифатида тан олиш;

• оператор томонидан ваколатли давлат органи тасдиқлайдиган талабларга жавоб берувчи стандарт шартномавий шартлар ёки мажбурий корпоратив қоидалар қабул қилиниши ва уларга риоя этилиши;

• рўйхати ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган шахсга доир маълумотларни бошқариш ва сақлаш соҳасидаги халқаро стандартларга оператор томонидан риоя этилиши.

Теглар

Мавзуга оид