ОТБ Ўзбекистонда яримўтказгич саноатини ривожлантириш учун 50 минг доллар ажратмоқчи
Осиё тараққиёт банки Марказий ва Ғарбий Осиёдаги еттита давлатнинг рақамли трансформациясини қўллаб-қувватлаш учун 1 млн доллар грант ажратишни тасдиқлади. Мазкур дастурдан Ўзбекистон ҳам ўрин олган.
© Ijtimoiy tarmoqlarОсиё тараққиёт банки (ОТБ) Озарбойжон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда рақамли технологияларни ривожлантиришга қаратилган минтақавий дастурни қўллаб-қувватлади. Дастур доирасида етти давлатга жами 1 млн доллар техник кўмак ажратилади.
Маблағлар ОТБнинг Техник кўмак махсус жамғармаси ҳисобидан йўналтирилади. Дастур 2026-йил сентябрдан бошлаб 4-йил давом этади.
Дастурни ОТБнинг Рақамли сектор офиси Марказий ва Ғарбий Осиё департаменти ҳамда банкнинг мамлакатлардаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда амалга оширади.
Ўзбекистон учун 50 минг доллар ажратилади
Ўзбекистон учун 50 минг доллар, яъни жами грантнинг 5 фоизи ажратилади. Бу маблағ мамлакатда яримўтказгич саноатини ривожлантириш лойиҳасини тайёрлашга сарфланади.
Ўзбекистонда яримўтказгич саноатини ривожлантириш бўйича ишлар аллақачон бошланган. Тошкентдаги Элтеч Индустриал технопаркида Германиянинг Инфинеон Течнологиэс компанияси билан ҳамкорликда микропроцессор модуллари ишлаб чиқарадиган корхона қурилмоқда. Қиймати 15 млн долларга баҳоланган лойиҳага ҳозиргача 7 млн доллар инвестиция киритилган.
Корхона тўлиқ қувватда ишлаганда микросхемалар, СИМ-карталар ва тўлов карталарини ишлаб чиқаради. Йилига 5 млн долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот тайёрлаш ва 6 млн долларлик экспорт қилиш режалаштирилган.
Бу йўналишдаги ҳамкорликлар бошқа давлатлар билан ҳам кенгаймоқда. Ўзбекистон Жанубий Корея билан биргаликда Тошкентда Марказий Осиёдаги илк яримўтказгичлар кластерини ташкил этишни режалаштирмоқда.
Лойиҳа доирасида яримўтказгич ишлаб чиқаришда керак бўладиган нодир металлар ва литий каби хомашёларни чуқур қайта ишлаш ҳам кўзда тутилган.
Шунингдек, Малайзия тажрибаси асосида яримўтказгичлар муҳандислиги бўйича 300 дан ортиқ талаба, магистр ва докторант махсус дастурларга жалб қилинган.
Маблағларнинг асосий қисми Тожикистон ва Қозоғистонга берилади
Грантнинг энг катта қисми Тожикистон ва Қозоғистонга берилади. Икки давлатга жами 500 минг доллар, яъни умумий маблағнинг 50 фоизи ажратилади. Шундан Тожикистонга 300 минг доллар, Қозоғистонга эса 200 минг доллар тўғри келади.
Тожикистонда маблағ мактабларни интернетга улаш имкониятларини ўрганиш бўйича техник-иқтисодий асос тайёрлашга сарфланади. Қозоғистонда эса сунъий интеллект инфратузилмаси, маълумотлар базалари ва киберхавфсизлик бўйича инвестиция эҳтиёжлари ўрганилади.
Озарбойжон ва Арманистонга 150 минг доллардан, Покистонга 100 минг доллар, Қирғизистонга эса 50 минг доллар ажратилади.
Қирғизистонда маблағ «Санарип Ордо 2» ташаббуси доирасида сунъий интеллектдан давлат бошқарувида фойдаланишни ривожлантиришга йўналтирилади. Озарбойжон, Арманистон ва Покистонда эса рақамли сектор бўйича диагностика ўтказилиб, инвестиция лойиҳалари портфели тайёрланади.
Шунингдек, дастур орқали қишлоқ ва чекка ҳудудларда рақамли тафовутни қисқартириш, киберхавфсизликни кучайтириш ҳамда ишончли маълумот алмашинуви тизимларини ривожлантириш кўзда тутилган. Сунъий интеллект ва геофазовий маълумотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳам дастур йўналишларидан бири бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жаҳон электроника ишлаб чиқаришидаги етакчи мамлакатлар ҳақида хабар берган эдик. Унда Хитой 58,8 фоиз улуш билан биринчи ўринда экани, Тайван, Жанубий Корея ва Япония билан бирга бу тўрт давлат жаҳон ишлаб чиқариш қувватларининг 80,5 фоизини эгаллаши қайд этилган.





