
Ўткир Юсупов Австрияда жарроҳлик амалиётидан ўтади
10.10.2025 | 20:2022741
13 октябр куни Уругвайга қарши бўладиган учрашувда Аббосбек Файзуллаев ҳам майдонга туша олмайди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозабони Ўткир Юсупов «CAFA Nations Cup» финалида олган жароҳати сабаб Австриянинг Инсбрук шаҳрида жарроҳлик амалиётидан ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси маълум қилди.
Футболчи июн ойида бўлиб ўтган «CAFA Nations Cup» мусобақасида Эрон терма жамоасига қарши ўйинда жароҳат олганди. Дарвозабоннинг жароҳати жиддий бўлгани сабаб у кейинги беллашувларда иштирок этмаган ва даволаниш жараёнини бошлаган эди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) хабарига кўра, Юсупов ҳозирда Австриянинг Инсбрук шаҳрида жароҳатидан даволанмоқда. У ерда футболчини жарроҳлик амалиёти кутиб турибди. Амалиётни ушбу йўналишда катта тажрибага эга бўлган австриялик жарроҳ Финк Кристиан ўтказади.
Кристиан илгари жаҳон миқёсидаги бир қатор футбол юлдузлари — Садио Мане, Федерико Кеза, Люка Эрнандес, Лерой Сане ва Давид Алаба каби спортчилар билан ҳам ишлаган. ЎФА маълумотига кўра, айнан шу сабаб мутахассис Ўзбекистон дарвозабонининг тикланиш жараёнини бошқаради.
Ташкилот хабарномасида: “Футболчимизга тезроқ соғайиб, сафга қайтишини тилаймиз”, — дея қайд этилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон жамоасининг яна бир аъзоси Аббосбек Файзуллаев ҳам яқинда жароҳат олгани сабаб 13 октябр куни Уругвайга қарши бўладиган учрашувда майдонга туша олмаслиги хабар қилинган.





