add

Озарбойжоннинг ишғолдан озод этилган ҳудудларида мина муаммоси

Бугун 11:583 дақиқа

2020 йилда якунланган урушдан сўнг Озарбойжон узоқ йиллар давомида ишғол остида бўлган ҳудудларини қайта тиклаш жараёнига киришди. Бироқ ҳудуднинг арманлар томонидан кенг миқёсли миналаштирилгани мажбурий кўчирилган аҳолининг қайтиши учун асосий тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда.

Озарбойжоннинг ишғолдан озод этилган ҳудудларида мина муаммоси

Бу ҳудудлар йиллар давомида Арманистон томонидан мақсадли ва тизимли равишда миналаштирилган. Бу қийинчиликларни бартараф этиш мақсадида Озарбойжон Республикасининг Минадан Тозалаш Агентлиги (ANAMA) муҳим рол ўйнайди ва халқаро шериклар билан ҳамкорлик доирасида мина тозалаш амалиётларини амалга оширмоқда.

Шу билан бирга, Озарбойжон Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва халқаро ҳамкорлар ҳам жараёнга жалб этилган. Озод этилган ҳудудларда минглаб гектар ерлар аллақачон текширилиб, юз минглаб мина ва портламаган ҳарбий ўқ-дорилар зарарсизлантирилган. Шунга қарамай, миналарнинг юқори зичлиги ҳамда хариталарнинг тўлиқ эмаслиги ёки нотўғри тақдим этилиши ишни анча қийинлаштирмоқда.

Ҳуқуқий нуқтайи назардан мина муаммоси фақат хавфсизлик масаласи эмас, балки халқаро ҳуманитар ҳуқуқнинг қўпол бузилиши ҳисобланади. Тинч аҳолига хавф туғдирувчи, қайтиш ҳуқуқини чекловчи бу ҳолат Арманистоннинг урушдан кейинги даврда ҳам конструктив бўлмаган хатти-ҳаракатларининг кўрсаткичи сифатида баҳоланиши мумкин. Мина хариталарининг тўлиқ ва аниқ берилмаслиги халқаро ҳуманитар мажбуриятларга зид бўлиб, ҳуқуқий жавобгарликни юзага келтиради.

Сиёсий майдонда эса Озарбойжон мина масаласини халқаро кун тартибида изчил равишда кўтариб келмоқда. Расмий Боку бу муаммони фақат миллий эмас, балки минтақавий ва ҳуманитар хавфсизлик масаласи сифатида тақдим этади. Мақсад – ҳам халқаро ёрдамни ошириш, ҳамда Арманистон устидан сиёсий-ҳуқуқий босим механизмларини кучайтиришдир.

Мина тозалаш жараёни Озарбойжоннинг «Буюк Қайтиш» стратегиясининг асосий шартидир. Давлат бу ишни босқичма-босқич, режали ва принципиал тарзда давом эттирмоқда. Лекин муаммонинг кўлами шуни кўрсатадики, бу узоқ муддатли жараён бўлиб, халқаро ҳамжамиятнинг реал ва самарали ёрдамисиз уни тўлиқ ҳал қилиш қийин. Шунга қарамай, Озарбойжон ўз суверен ҳудудларида хавфсиз ва барқарор ҳаётни тиклаш йўлида қатъиятли позициясини давом эттирмоқда.

Озарбойжон Республикасининг Минадан Тозалаш Агентлиги (ANAMA) ишғолдан озод этилган ҳудудларда мина тозалаш фаолиятига жалб этилган тузилмалар томонидан 2025 йилда амалга оширилган минадан тозалаш амалиётларига доир маълумот эълон қилди. Хусусан, ўтган йил давомида Тартар, Ағдара, Калбажар, Ағдам, Хўжали, Хонканди, Хўжаванд, Лочин, Шуша, Фузулий, Қубадли, Жабройил ва Зангилонда олиб борилган мина тозалаш амалиётлари вақтида 4963 дона пиёдага қарши мина, 1861 дона танкка қарши мина ва 52 392 дона портламаган ҳарбий ўқ-дори ошкор қилиниб, зарарсизлантирилган. Шунингдек, 69 205,7 ha ҳудуд мина ва портламаган ҳарбий ўқ-дорилардан тозаланган.

Шу билан бирга, миналар харитаси Арманистон томонидан Озарбойжонга тақдим этилмаган. Озарбойжон ишғолдан озод этилган ҳудудлардаги миналар харитасини Арманистондан 2026 йилда ҳам қатъий талаб қилади. Бу сўзларни Озарбойжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов 2025 йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида сўзлади.

«Арманистон уларнинг қўлида мина харитаси йўқлиги, ҳаммасини топшириб бўлишганини иддао қилади. Шу сабабли ҳам миналар билан боғлиқ вазият етарлича мураккаб. Чунки айрим ҳудудларда миналар 2021–2023 йиллар оралиғида ўрнатилган. Шунингдек, ҳудудларимизда 2020 йилдан кейин умуман олганда юз минглаб мина жойлаштирилган. Бу миналарни тўлиқ хавфсиз тарзда олиб ташлаш қисқа муддатда мумкин эмас, бу узоқ муддатли ва режали амалиётлар талаб қилади», — дея таъкидлади Озарбойжон ташқи ишлар вазири.

Озарбойжоннинг ишғолдан озод этилган ҳудудларида мина тозалаш жараёни узоқ муддатли, катта ресурс талаб қиладиган ва хавфли миссиядир. Жараённинг муваффақиятли давом эттирилиши давлат идоралари, халқаро ҳамкорлар ва мутахассисларнинг мувофиқлаштирилган фаолиятини шарт қилади. Натижада, мина хавфини бартараф этилиши минтақанинг нормал ҳаётга қайтиши ва давомли ривожланиши учун асосий шартлардан биридир.

Мина муаммоси нафақат ҳуманитар зарар яратади, балки кенг миқёсли қайта тиклаш ва реинтеграция жараёнларининг суръатига ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Ҳозирги саъй-ҳаракатлар Озарбойжоннинг мина хавфидан озод, хавфсиз ва яшашга яроқли муҳит қуришга қарорли эканини кўрсатмоқда. Бу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг муваффақияти минтақанинг келажакдаги ривожланишининг калитига айланади.

 

Теглар

Мавзуга оид