add

Ўзбекистон 2030 йилгача ўртачадан юқори даромадли давлатлар сафига киради

Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга кўра, Ўзбекистон 200 млрд долларлик ЯИМ кўрсаткичига 2030 йилдан аввалроқ етиши мумкин.

Ўзбекистон 2030 йилгача ўртачадан юқори даромадли давлатлар сафига киради

Ўзбекистон 2030 йилдан аввалроқ «ўртачадан юқори даромадли» мамлакатлар қаторига қўшилиши мумкин. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 18 ноябр куни Давлат-хусусий шериклик бўйича III халқаро давра суҳбатида маълум қилди.

Унга кўра, мамлакат ҳукумати узоқ муддатли иқтисодий ўсиш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган «ортга қайтмас ислоҳотлар»га содиқ қолмоқда. 2025 йилда иқтисодий ўсиш 7 фоиздан юқори бўлиши, ЯИМ ҳажми 140 млрд доллардан ошиб, ЯИМ аҳоли жон бошига 3700 долларга етиши кутилмоқда.

Ж.Қўчқоровнинг таъкидлашича, бундай ўсиш суръати сақланса, 2030 йил учун мўлжалланган 200 млрд долларлик ЯИМ кўрсаткичига анча олдин — эҳтимол, 2026 йилдаёқ етиб борилади. Мақсад — ЯИМни аҳоли жон бошига 5 минг долларгача ошириш.

Вазирга кўра, мамлакатда инфляция ҳам назоратда сақланмоқда. Сентябрда инфляция 8 фоизга тушган, йил якунигача 8 фоиздан камроқ бўлиши кутилмоқда. 2026 йилда эса бу кўрсаткич 7 фоиздан паст бўлиши режалаштирилган.

Шунингдек, Қўчқоров Ўзбекистоннинг халқаро молия бозорларидаги имижи мустаҳкамланаётганини таъкидлади. Fitch рейтинги «BB-»дан «BB»га оширилган, Moody’s ва S&P эса прогнозига «ижобий» баҳо берган.

Аввалроқ Миллий статистика қўмитаси 2024 йилги ЯИм қайта ҳисоб-китоб қилингач 6,4 млрд долларга ўсгани ва 121 млрд долларни ташкил этгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистон 2030 йилгача ўртачадан юқори даромадли давлатлар сафига киради | Vaqt.uz