Logo

Ўзбекистон инглиз тилини билиш бўйича 117 давлат ичида 101-ўринни эгаллади

Бугун 22:352 дақиқа

Марказий Осиё мамлакатлари орасида фақат Туркманистон инглиз тилини билиш даражаси «паст» тоифасига киритилган. Минтақанинг қолган тўрт давлати «жуда паст» гуруҳидан жой олган.

Ўзбекистон инглиз тилини билиш бўйича 117 давлат ичида 101-ўринни эгаллади

Ўзбекистон инглиз тилини билиш даражаси бўйича 2026 йилги жаҳон рейтингида 117 та мамлакат ва ҳудуд орасида 421 балл билан 101-ўринни эгаллади. Бу ҳақда EF Education First ташкилоти эълон қилган EF EPI 2026 ҳисоботида маълум қилинди.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон ўтган йилга нисбатан уч поғона юқорилаган. Шунга қарамай, мамлакатнинг умумий бали 429 дан 421 га тушган. Ўзбекистон инглиз тилини билиш даражаси «жуда паст» деб баҳоланган мамлакатлар гуруҳида қолмоқда.

Рейтинг 117 та мамлакат ва ҳудуддаги 2,3 миллион нафар катта ёшли фуқаронинг тест натижалари асосида тузилган. Умумий рўйхатда Ўзбекистон 100-ўриндаги Иордания (422 балл) ва 102-ўриндаги Мўғулистон (420 балл) ўртасида жойлашган.

Марказий Осиё ва постсовет давлатлари натижалари

Марказий Осиё мамлакатлари орасида фақат Туркманистон инглиз тилини билиш даражаси «паст» тоифасига киритилган. Минтақанинг қолган тўрт давлати «жуда паст» гуруҳидан жой олган:

— Туркманистон — 71-ўрин (476 балл);
— Қирғизистон — 90-ўрин (445 балл);
— Қозоғистон — 99-ўрин (424 балл);
— Ўзбекистон — 101-ўрин (421 балл);
— Тожикистон — 110-ўрин (405 балл, Ироқ билан тенг).

Постсовет ҳудудидаги бошқа давлатлардан Латвия 13-ўрин (592 балл) ва Литва 29-ўрин (552 балл) билан «юқори» гуруҳга кирган. Грузия (32-ўрин, 540 балл), Беларусь (37-ўрин, 528 балл), Молдова (39-ўрин, 527 балл), Украина (41-ўрин, 524 балл), Арманистон (45-ўрин, 519 балл) ва Россия (49-ўрин, 516 балл) «ўртача» даражада, Озарбойжон эса 85-ўринда (451 балл) «паст» даражада қайд этилган.

Жаҳон рейтинги етакчилари ва қуйи поғоналар

2026 йилги рейтингда Швеция 615 балл билан биринчи ўринни эгаллади. Мамлакат Европанинг 33 давлати орасида ҳам етакчилик қилмоқда. Инглиз тилини билиш даражаси «жуда юқори» деб баҳоланган гуруҳдан жами саккизта давлат жой олган:

— Швеция — 615 балл;
— Австрия — 613 балл;
— Дания — 612 балл;
— Германия — 611 балл;
— Нидерландия — 609 балл;
— Хорватия — 608 балл;
— Португалия — 605 балл;
— Норвегия — 603 балл.

Рўйхатнинг энг сўнгги поғоналарини Судан (114-ўрин, 400 балл), Кот-д’Ивуар (115-ўрин, 399 балл), Камбоджа (116-ўрин, 397 балл) ва Сомали (117-ўрин, 395 балл) эгаллаган.

EF EPI 2026 ҳисоботида глобал миқёсда турли соҳа ва касб вакилларининг ўртача баллари ҳам эълон қилинган. Энг юқори натижа стратегия ва лойиҳаларни бошқариш йўналишида (549 балл) қайд этилган. Кейинги ўринларда илмий-тадқиқот ва ишланмалар (R&D — 527 балл), мижозларга хизмат кўрсатиш (521 балл), ўқитувчилар (516 балл) ҳамда IT соҳаси (515 балл) жойлашган.

Операцион бошқарув 509 балл, савдо 500 балл, юриспруденция, харидлар ҳамда соҳаси кўрсатилмаган ёки ишсизлар гуруҳи 496 баллдан, маркетинг 491 балл, талабалар 487 балл, кадрлар бошқаруви (HR) 485 балл ва маъмурий ходимлар 484 балл тўплаган. Энг паст кўрсаткичлар бухгалтерия ва молия (465 балл) ҳамда техник ходимлар (446 балл) йўналишида қайд этилган.

Теглар

Мавзуга оид