add

Ўзбекистон иқтисодиёти 2026 йилда қандай бўлади?

Кеча 15:294403 дақиқа

2025 йил Ўзбекистон иқтисодиёти учун ёрқин йил бўлди. Йил якуни бўйича иқтисодий ўсиш 7,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Бироқ, янги йилда ҳам бу кўрсаткич сақлаб қолинадими? Vaqt.uz таҳлилида ўқинг.

Ўзбекистон иқтисодиёти 2026 йилда қандай бўлади?

2026 йил олдидан мамлакат иқтисодиёти ҳақида кутилмалар бизнес ва аҳоли учун муҳим ҳисобланади. Марказий банк шу мақсадда кейинги йил учун иқтисодий кутилмаларни тақдим қилди

 

Иқтисодий ўсиш

2025 йил якунига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти (Ялпи ички маҳсулот) 7–7,5 фоиз атрофида ўсиши кутилмоқда. Бу сўнгги йиллардаги энг юқори кўрсаткич бўлади. 

Келаси йилда эса нисбатан қатъий пул-кредит сиёсати бўлиши кўзда тутилмоқда. Бунда бюджет тақчиллигини 3 фоиз атрофида сақлаб қолишга ҳаракат қилинади. 

Натижада, мамлакат иқтисодиёти 5,5–6,5 фоиз оралиғида ўсиши прогноз қилинмоқда. Бу эса иқтисодий ўсиш 2025 йилдагига қараганда бироз секинроқ бўлишини англатади. 2027-2028 йилларда ҳам иқтисодий ўсиш 6–7 фоиз атрофида бўлиши айтилмоқда. 

kutilmalar 01

2025 йилда иқтисодиёт кутилганидан кўпроқ ўсишига олтин нархларининг бир неча бор рекорд даражада ошгани ҳам сабаб бўлди. Марказий банк кутилмаларига кўар, иқтисодиёт аслида 5,5–6 фоизга ўсиши керак эди. 

Қиммат олтин бюджет даромадларини сезиларли оширди ва ҳукумат кўпроқ харажат қилиш имкониятига эга бўлди. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодий ўсиш тезлашишига ёрдам берди. 

 

Нархлар ўсиши

Марказий банкнинг асосий мақсади нархлар барқарорлигини таъминлаш ва 5 фоизлик инфляцион таргетга эришиш ҳисобланади. 

kutilmalar 02

Айни пайтдаги кутилмаларга кўра, 5 фоизлик инфляция 2027 йилнинг охирида бўлади. Бироқ, инфляцион таргетга эришиш муддати бир неча йилдан бери чўзиб келинмоқда ва бу жараён яна давом этиши мумкин. 

Жорий йил учун инфляция прогнози 7,3 фоиз бўлиб турибди. 2026 йилда нархлар 6,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. 

1 декабр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда йиллик умумий инфляция 7,5 фоизни ташкил қилади. Агарда сўнгги йилларда амалга оширилган энергия ислоҳоти бўлмаганида, ҳозирда инфляция 6,3 фоиз бўлар эди. 

7,5 фоиз — шундоқ ҳам мамлакат учун очиқ маълумотлар бўйича энг паст инфляция ҳисобланади. 2016 йилдан бери бундай паст кўрсаткич кузатилмаган. 

 

Асосий савдо ҳамкорларида вазият қандай? 

Ўзбекистоннинг 4 та асосий савдо ҳамкорлари бор — Хитой, Россия, Қозоғистон ва Туркия. Бу давлатлардаги иқтисодий жараёнлар тўғридан-тўғри Ўзбекистонга ҳам таъсир қилади. 

kutilmalar 03

 Манба: Халқаро валюта жамғармаси

2026 йилда асосий савдо ҳамкоримиз бўлган Хитойнинг иқтисодиёти 4,2 фоизга ўсиши кутилмоқда. Инфляция эса 0,8 фоиз атрофида бўлади. 

Муаммолар таъсирида бўлган Россия иқтисодиёти атига 1 фоизга ўсади. Қозоғистон ва Туркияда бу кўрсаткич мос равишда 4,8 фоиз ва 3,7 фоиз бўлиши кутилмоқда. 

 

ЖСТга аъзо бўлиш

2026 йилда Ўзбекистон ва ниҳоят Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши кутилмоқда. Бу бўйича сўнгги давлатлар билан музокаралар олиб борилмоқда. 

Жараённинг иқтисодиётга таъсири босқичма-босқич намоён бўлади. Биринчи навбатда импорт тарифларининг ўзгариши ва маҳаллий товарларнинг ташқи бозорларга кириши ташқи савдога ижобий таъсир кўрсатади.

ЖСТга аъзо бўлиш бир томондан экспорт салоҳиятини оширишга, инвестицияларни жалб қилишга ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Бошқа томондан, келгусида ташқи савдони эркинлашиши ва импорт товарлари турини кенгайиб бориши ҳисобига импорт ҳажми ошиши ва ички бозорда таклиф ортиб бориши билан давом этади.

Ҳозирча ЖСТга аъзо бўлиш иқтисодий прогнозларга дарҳол сезиларли таъсир қилиши кутилмаяпти. Бироқ, таъсир юзага чиқиши билан прогнозлар яна қайта кўриб чиқилади. 

Шундай қилиб, Ўзбекистон иқтисодиёти 2026 йилда, 2025 йилдагидан секинроқ ўсиши кутилмоқда. Бироқ, инфляция пасайишда давом этади.

Фозил Қамбаров тайёрлади.

Теглар

Мавзуга оид