Logo

Ўзбекистон иқтисодиёти ярим йилда 8,5 фоизга ўсди

Йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистон иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, 40 миллион аҳолининг фаровонлигини таъминлаш учун иқтисодиёт камида 9–10 фоиз суръатда ўсиши зарур.

Ўзбекистон иқтисодиёти ярим йилда 8,5 фоизга ўсди © Ijtimoiy tarmoqlar

Йил бошидан мамлакат иқтисодиётида барқарор ўсиш қайд этилди. Президент маълум қилишича, ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулот 8,5 фоизга ошган.

Саноат, хизматлар ва қурилиш юқори суръатда ўсди

Тармоқлар кесимида саноат ишлаб чиқариши 8 фоизга, хизматлар соҳаси 16,9 фоизга, қурилиш ишлари 13,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги эса 4,7 фоизга ўсган.

Шунингдек, ҳисобот даврида иқтисодиётга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 28 миллиард долларга, экспорт ҳажми эса 14,4 миллиард долларга етган.

Халқаро рейтинглар яхшиланди

Ўзбекистоннинг халқаро молиявий майдондаги позицияси ҳам мустаҳкамланди. Хусусан, Fitch Ratings ва Moody’s халқаро рейтинг агентликлари мамлакатнинг суверен кредит рейтингини бир поғонага оширди.

Президент мавжуд натижалар ижобий эканини қайд этар экан, бу суръатлар билан чекланиб қолмаслик кераклигини таъкидлади.

«40 миллион аҳолининг ҳаётини яхшилаш учун иқтисодиёт камида 9–10 фоизга ўсиши керак», — деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2025 йилга нисбатан қарийб 8,1 фоизга ўсиши прогноз қилинганди.

Олдин эълон қилинган кутилмаларда 1,97 квадриллион сўм бўлиши айтилган ЯИМ ҳажми 2027–2029 йилларга мўлжалланган ушбу ҳужжатда қарийб 2,2 квадриллион сўмга бориши тахмин қилинмоқда. Бунинг ортидан иқтисодий ўсиш 8,1 фоизгача ошиши мумкин.

ХВЖнинг жорий йил апрель ойидаги ҳисоботига кўра, геосиёсий кескинликлар ва уларнинг глобал бозорларга таъсири халқаро савдо тизимини қайта шакллантириб, жаҳон иқтисодиётида ноаниқликни кучайтирмоқда. Бунинг оқибатида жаҳон иқтисодиётининг ўсиши 2026 йил якуни бўйича 2025 йилги 3,4 фоиздан 3,1 фоизгача пасайиши ҳамда 2027 йилда 3,2 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган.

Теглар

Мавзуга оид