add

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари ошишда давом этмоқда

Бугун 14:003411 дақиқа

Марказий банк маълумотларига кўра, олтин нархи ва ҳажмининг ўсиши ҳисобига мамлакат олтин-валюта захиралари бугунгача кузатилмаган даражада ошиб, янги рекорд қайд этди.

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари ошишда давом этмоқда

2025 йил 1 декабр ҳолатига Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 61,23 миллиард долларга етди. Бу ҳақда Марказий банк эълон қилган сўнгги маълумотларда келтирилган.

Маълум бўлишича, 2013 йилдан буён кузатилган энг юқори кўрсаткич бўлиб, ноябр ойининг ўзида захиралар 1,9 миллиард долларга ошган. Йил бошидан буён эса умумий ўсиш қарийб 20 миллиард долларни ташкил этди.

Шунингдек, захиралар ўсишининг асосий омиллари сифатида халқаро бозорларда олтин нархининг кўтарилиши ва унинг физик ҳажми ошгани қайд этилмоқда. Олтин захиралари ноябр ойида 310 минг троя унсияга, яъни 9,64 тоннага кўпайиб, 12,23 миллион унсия ёки 380,4 тоннага етди. Шунга қарамай, йил бошидан бери умумий физик ҳажм 2,1 тоннага қисқарган.

Олтин захираларининг қиймати жорий ойда яна 3 миллиард долларга ошиб, 50,86 миллиард долларга етди. Бу ҳам тарихдаги энг юқори қиймат сифатида қайд этилмоқда. Шу билан бирга, захираларнинг валюта қисми 1,1 миллиард долларга камайиб, 9,8 миллиард долларни ташкил қилди.

Қимматли қоғозларга жойлаштирилган маблағ ҳажми ҳам ўсишни қайд этди. Бир ой ичида бу йўналишдаги активлар 503,3 миллион долларга кўпайиб, 1,53 миллиард долларга етди.

Маълумот ўрнида, 2025 йил 1 ноябрда мамлакат олтин-валюта захиралари қиймати илк бор 59,3 миллиард доллардан ошган эди. Бу даврда Ўзбекистон олтин экспорти ҳам рекорд даражага чиққанди.

Теглар

Мавзуга оид