
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари янги рекорд ўрнатди
Марказий банк маълумотига кўра, Ўзбекистон олтин-валюта захиралари декабр бошида янги кўрсаткичга етган. Олтин захирасининг ўзи ҳам янги рекорд ўрнатган.

Марказий банк эълон қилган сўнгги ҳисоботга кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ноябр ойида навбатдаги тарихий чўққига чиқди. 1 декабр ҳолатига кўра, регулятор ихтиёридаги умумий халқаро активлар 61,23 млрд долларга етди. Бу бир ойда 1,89 млрд доллар (+3,2 фоиз)лик ўсишни ва жорий йил бошидан бери 48,49 фоизга ортишни англатади.
Захиралар таркибидаги асосий улуш — олтин. Марказий банк хазиналаридаги олтин қиймати беш ойдан бери кетма-кет рекорд янгилаб, илк марта 50 млрд доллар чегарасидан ошиб ўтди. Ноябр ойи якунида ушбу кўрсаткич 50,85 млрд доллар бўлиб, бир ойда 3,01 млрд доллар (+6,29 фоиз) қўшилган.
Олтиннинг физик ҳажми ҳам ўсишда давом этди: ноябр ойида захиралар тахминан 0,3 млн унцияга (9,33 тонна) кўпайиб, 12,2 млн троя унциясига (379,46 тонна) етди. Жаҳон бозоридаги тебранишларга қарамасдан, олтин нархи ой давомида 4200 доллардан юқори сақланиб турди.
Валюталар қисмида тескариси кузатилди — хорижий активлар 1,09 млрд доллар (–10,7 фоиз)га камайиб, 9,81 млрд долларни ташкил этди. Бу қисмга халқаро ташкилотлардаги ва банклардаги депозитлар, жумладан Халқаро валюта жамғармасидаги 979,4 млн доллар ва чет эл кредит муассасаларидаги 7,3 млрд доллар киради.
Шу билан бирга, Марказий банк портфелидаги хорижий қимматли қоғозлар сезиларли ошди. Ноябр ойи якунига кўра, ушбу инструментлар қиймати 1,52 млрд долларга етди — бир ойда 503,3 млн доллар ўсиш. Уларнинг умумий захиралардаги улуши 2,49 фоизга кўтарилди.
Экспертларнинг фикрича, олтин нархининг юқори даражада туриши ва импорт қисқариши Ўзбекистон захираларининг жадал ўсишига асосий омил бўлмоқда.
Аввалроқ олтиннинг Ўзбекистон иқтисодиётида тутган ўрни ҳақида таҳлилий мақола эълон қилган эдик.





