Ўзбекистон Озарбойжонга қилинган дрон ҳужумидан хавотир билдирди

Ўзбекистон ва Озарбойжон ташқи ишлар вазирлари телефон орқали мулоқот ўтказиб, Нахчивонга қилинган дрон ҳужуми ва унинг оқибатларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон Озарбойжонга қилинган дрон ҳужумидан хавотир билдирди © Tashqi ishlar vazirligi

2026-йил 5-март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Озарбойжон ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Суҳбат давомида томонлар Нахчивон Автоном Республикасига нисбатан учувчисиз учиш аппаратлари орқали амалга оширилган ҳужум билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилди.

Озарбойжон томони ушбу ҳодиса юзасидан батафсил маълумот бериб, ҳужум натижасида тинч аҳоли жабр кўргани ҳамда фуқаролик инфратузилмасига зарар етказилганини маълум қилди. Ушбу ҳолат минтақа хавфсизлиги ва барқарорлигига жиддий таҳдид солиши қайд этилди.

Ўзбекистон томони эса мазкур ҳужумлар юзасидан жиддий хавотир билдириб, тинч аҳолига қарши зўравонлик ҳолатлари мутлақо қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлади. Шунингдек, учувчисиз учиш аппаратлари орқали амалга оширилган ҳужумлар халқаро ҳуқуқ нормаларига зид экани алоҳида урғуланди.

Суҳбат давомида давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига ҳурмат халқаро муносабатларнинг асосий тамойили экани қайд этилди. Ўзбекистон томони бундай ҳаракатлар минтақадаги барқарорликка салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдириб, халқаро ҳуқуқ принципларига риоя қилиш муҳимлигини таъкидлади.

Томонлар минтақавий хавфсизликни таъминлаш, тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва можароларни дипломатик йўллар орқали ҳал этиш зарурлигини қайд этди. Суҳбат якунида Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлик билдирилди.

Озарбойжон ҳудудига ҳужум

Эслатиб ўтамиз, Озарбойжон ҳудудига 5-март куни Эроннинг иккита дрони қулаб тушди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига таяниб Report.az хабар берди.

Маълум қилинишича, дронлардан бири Нахичивон автоном республикаси аеропорти ҳудудига, иккинчиси эса Шакаробод қишлоғидаги мактаб биноси яқинига қулаган, ўқувчилар ва устозлар ҳудуддан эвакуация қилинган.

Ҳужум оқибатида икки нафар тинч аҳоли жароҳатланган. Ҳолат юзасидан Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатдаги Эрон элчиси Мўжтабо Демирчилуни чақиртирган.

Озарбойжон ҳудудига уюштирилган бу ҳужум халқаро ҳуқуқ нормалари ва тамойилларига зид экани ҳамда минтақада кескинлик кучайишига сабаб бўлаётгани таъкидланди.

«Биз Эрон Ислом Республикасидан ушбу ҳодисага имкон қадар тезроқ ойдинлик киритишни, изоҳ беришни ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун зарур шошилинч чоралар кўришни талаб қиламиз. Озарбойжон томони тегишли жавоб чораларини кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Эрон томонига қатъий норозилик билдирилади ва тегишли нота топширилади», — дейилади ТИВ хабарида.

Теглар

Мавзуга оид