Logo

Ўзбекистон ташқи савдосидаги камомад бир йилда икки баравар ошди

Бугун 17:362 дақиқа

Ташқи савдо айланмаси 65,4 миллиард долларга етганига қарамай, экспорт қисқариб, импортнинг тезроқ ўсиши натижасида савдо тақчиллиги 13,7 миллиард долларга чиқди.

Ўзбекистон ташқи савдосидаги камомад бир йилда икки баравар ошди © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида 65,4 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,9 миллиард доллар ёки 6,3 фоизга кўп. Бироқ савдо ҳажмининг ўсиши экспорт ва импорт ўртасидаги тафовутни камайтирмади. Аксинча, ташқи савдо балансидаги манфий сальдо деярли ikki баравар ошди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитасининг 28 октябрда эълон қилинган ҳисоботида маълум қилинди.

Ҳисоботга кўра, дастлабки тўққиз ойда экспорт ҳажми 25,8 миллиард долларни ташкил этиб, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 5,5 фоизга камайган. Импорт эса 15,7 фоизга ўсиб, 39,6 миллиард долларга етган.

Натижада ташқи савдо балансидаги манфий сальдо 13,7 миллиард долларни ташкил қилган. Таққослаш учун, 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида бу кўрсаткич 6,9 миллиард доллар бўлган.

Олтин экспорти қисқарди, хизматлар экспорти ўсди

Экспортдаги умумий пасайишга қарамай, айрим йўналишларда ўсиш кузатилган. Хусусан, олтинни ҳисобга олмаганда, товарлар экспорти 31,6 фоизга ошиб, 13,3 миллиард долларга етган.

Бироқ номонетар олтин экспорти сезиларли камайган. 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 9,8 миллиард долларни ташкил этган ушбу кўрсаткич 2026 йилда 2,8 миллиард долларгача тушган.

Шунингдек, хизматлар экспорти ҳам ўсишда давом этган. Ҳисобот даврида унинг ҳажми 9,7 миллиард долларни ташкил этиб, бир йил ичида 31,1 фоизга ошган.

Хизматлар экспортида туризм ва транспорт асосий йўналишлар бўлган. Жумладан, туризм хизматлари экспорти 5,3 миллиард долларни, транспорт хизматлари эса 2,9 миллиард долларни ташкил қилган.

Хитой билан савдо 15 миллиард доллардан ошди

Ўзбекистоннинг энг йирик ташқи савдо ҳамкори Хитой бўлиб қолмоқда. 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида ikki давлат ўртасидаги савдо айланмаси 15,2 миллиард долларга етган.

Кейинги ўринларда Россия — 10,5 миллиард доллар, Қозоғистон — 4,3 миллиард доллар, Туркия — 2,2 миллиард доллар ва Афғонистон — 1,6 миллиард доллар билан қайд этилган.

Ўзбекистоннинг йирик савдо ҳамкорлари билан товар айирбошлаш ҳажми қуйидагича:

Импортда машина ва транспорт ускуналари етакчи

Импорт таркибида энг катта улуш машина ва транспорт ускуналарига тўғри келган. Ушбу тоифадаги маҳсулотлар импорти 12,9 миллиард долларни ташкил этган.

Бундан ташқари, 5,8 миллиард долларлик саноат товарлари, 4,8 миллиард долларлик кимёвий маҳсулотлар ва 4,2 миллиард долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилинган.

Шундай қилиб, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистон ташқи савдосининг умумий ҳажми ўсган бўлса-да, экспортнинг қисқариши ва импортнинг тезроқ кўпайиши савдо балансидаги манфий сальдонинг кенгайишига олиб келган.

Теглар

Мавзуга оид