Logo

Ўзбекистон ва Иордания стратегик шерикликка ўтмоқда: ўзаро савдони 500 млн долларга етказиш кўзда тутилган

Аммон шаҳрида «Ал-Ҳусайния» саройида Шавкат Мирзиёев ва Абдулла II ибн ал-Ҳусайн кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди.

Ўзбекистон ва Иордания стратегик шерикликка ўтмоқда: ўзаро савдони 500 млн долларга етказиш кўзда тутилган © Foto: president.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Аммон шаҳридаги «Ал-Ҳусайния» саройида кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди.

Расмий делегациялар аъзолари иштирокида ўтган учрашувда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Сиёсий мулоқотлар ва идоралараро алмашинувлар фаоллашгани, ўзаро савдо ҳамда инвестициялар ҳажми барқарор ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида савдо, инвестиция, транспорт ва логистика, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, соғлиқни сақлаш ҳамда фармацевтика соҳалари кўрсатиб ўтилди.

Имтиёзли савдо битимини имзолаш, ўзаро савдо ҳажмини келгусида 500 миллион долларга етказиш масаласига алоҳида тўхталинди.

Маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш учун маданият ва санъат ҳафталикларини ўтказиш, диний-маърифий йўналишда тажриба алмашиш, сайёҳлик алмашинувини кенгайтириш, қадимий шаҳарлар ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати, «Ақаба жараёни» формати ва бошқа нуфузли тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга қарор қилди.

Олий даражадаги келишувларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш учун кенг қамровли «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти Иордания Подшоҳини мамлакатга ташриф билан келишга таклиф этди.

Теглар

Мавзуга оид