add

Ўзбекистон ва ОТБ 100 млн долларлик STEM лойиҳасини имзолади

Бош вазир ўринбосари ва ОТБ президенти ўртасидаги учрашувда Ўзбекистонда STEM таълимини ривожлантириш бўйича лойиҳа имзоланди.

Ўзбекистон ва ОТБ 100 млн долларлик STEM лойиҳасини имзолади

17 ноябр куни Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев Осиё тараққиёт банки президенти Масато Канда билан учрашди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, тадбирда Ўзбекистон – ОТБ муносабатларининг 30 йиллик тарихи, амалий натижалар ва янги стратегик йўналишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувда ҳамкорликнинг транспорт, энергетика, сув таъминоти, таълим ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш йўналишларида изчил ривожланаётгани қайд этилди. Ўзбекистон томони аҳоли турмуш сифатини яхшилашга хизмат қилган лойиҳалардаги кўмаги учун банк раҳбариятига миннатдорлик билдирди.

Таъкидланишича, 2026 йил май ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилишига тайёргарлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Йирик халқаро тадбирни ҳамкорликда ташкиллаштириш учун қўшма йўл харитасини тасдиқлаш таклиф этилди.

Шу билан бирга, молиялаштириш механизмларини кенгайтириш, иқтисодий зоналар инфратузилмасини ривожлантириш, аёллар ва ёшлар бандлигини ошириш, экспортга йўналтирилган корхоналарни рағбатлантириш бўйича ўрта муддатли ташаббуслар муҳокама қилинди. 2026–2030 йиллар учун янги кенг қамровли Ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида умумий ўрта таълим тизимида STEM йўналишини замонавийлаштиришга қаратилган «Ўрта таълимда STEM» лойиҳаси бўйича 100 миллион долларлик кредит келишуви имзоланди.

Маълумот ўрнида, STEM таълими — бу илм-фан (Science), технология (Technology), муҳандислик (Engineering) ва математика (Mathematics) соҳаларини биргаликда ва интеграцияланган усулда ўқитишга асосланган таълим модели. Яъни, бу тизим болаларни факат назария эмас, балки тафаккур ва мантиқ юритишга, муаммоларни ечишга, мухандислар каби ўйлашга ҳамда технологик ижодкорликка ўргатади.

Аввалроқ ОТБ Ўзбекистонга микромолиялашни ривожлантириш учун 300 млн АҚШ доллари миқдорида, шундан 100 млн доллари имтиёзли шартларда қарз ажратгани маълум қилинганди.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистон ва ОТБ 100 млн долларлик STEM лойиҳасини имзолади | Vaqt.uz