
Ўзбекистон ва ОТБ стратегик шерикликни янада кенгайтиради
Шавкат Мирзиёев ОТБ раҳбари Масато Кандо билан учрашди. Унда инфратузилма, «яшил» энергетика ва инсон капитали соҳаларидаги қўшма дастурларни кенгайтириш каби ташаббуслар илгари сурилди.

18 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Осиё тараққиёт банки президенти Масато Кандо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашув аввалида ОТБ раҳбари мамлакатимиз етакчисини стратегик шерикликнинг 30 йиллиги ҳамда 2025–2026 йилларда Бошқарувчилар кенгашига раислик Ўзбекистонга ўтгани билан табриклади.
Музокараларда Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар доирасида кенг кўламли ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари кўриб чиқилди. Икки томонлама шериклик сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилгани, қўшма лойиҳалар портфели 15 миллиард доллардан ошгани таъкидланди. Шунингдек, «яшил» энергетика, транспорт, рақамли трансформация, таълим каби йўналишларда умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд янги дастурлар ишлаб чиқилаётгани қайд этилди.
Учрашувда 2026 йил май ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишига тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шавкат Мирзиёев мазкур тадбир доирасида ОТБ билан Кенгайтирилган стратегик шериклик дастурини имзолаш ташаббусини илгари сурди. Унда инфратузилма ривожи, муҳандислик ва техник кадрлар тайёрлаш, хотин-қизлар ва ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, камбағалликни қисқартириш, ипотека бозори ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш каби йўналишлар устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Учрашувда ОТБнинг Марказий Осиё миқёсида транспорт, энергетика ва савдо йўналишларидаги йирик минтақавий лойиҳаларни илгари суришдаги иштироки муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Банк президенти Масато Кандо Ўзбекистондаги янгиланишлар натижаларини юқори баҳолаб, Янги Ўзбекистон ислоҳотларини амалга оширишда ҳар томонлама кўмак беришга тайёрлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ОТБ Ўзбекистонга микромолиялашни ривожлантириш учун 300 млн доллар ажратиши ҳақида хабар берилганди.





