
Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари чегараолди савдо зонасини ишга туширди
Ушбу «Шовот-Тошҳовуз» қўшма чегараолди савдо зонасида дирекция, божхона, карантин, фитосанитария ва ветеринария хизматларининг маъмурий бинолари, савдо павилони ва омборлар жойлашган.

Музокаралардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов «Шовот-Тошҳовуз» қўшма чегараолди савдо зонасини ишга тушириш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Хабар қилинишича, савдо зонасида дирекция, божхона, карантин, фитосанитария ва ветеринария хизматларининг маъмурий бинолари, савдо павилони ва омборлар жойлашган.
Бу ерда «ягона дарча» тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатилади, интерфаол тизимлар, банк, тиббиёт ва меҳмонхона хизматлари учун зарур инфратузилма, шунингдек, катта автотураргоҳ ҳам ташкил этилган.
Таъкидланишича, зона фаолияти умумий аҳолиси 3,5 миллиондан зиёд бўлган иккита муҳим ҳудуд – Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти ва Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Аввалроқ «Шовот-Тошҳовуз» чегараолди савдо зонасининг ишга туширилиши бўйича келишувга эришилгани ҳақида хабар берилганди.





