
Ўзбекистон хориждан гўшт олиб келишни кескин кўпайтирди
Бу ҳолатни сўнгги бир йилда нархлар сезиларли ошгани билан изоҳлаш мумкин. Шунга қарамай, гўшт етиштириш суръати секинлашган.

2025 йилнинг 11 ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 72,8 млрд долларни ташкил қилди. Бунда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 21,8 фоиз бўлди.
Ташқи савдода импорт 18,7 фоизда ўсди ва 41,9 млрд долларга, экспорт эса 26,2 фоизга ўсди ва 30,9 млрд долларга етди.
Импорт таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари импорти ўтган йилга нисабатан 20 фоизга ошиб, 4 млрд долларни ташкил қилди. Бу умумий импортнинг 9,6 фоизи дегани.
Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида энг катта ўсиш гўшт импортида кузатилди. Йил бошидан бери Ўзбекистонга 762 млн долларлик гўшт олиб келинган. Бу 2024 йилга нисбатан 68,5 фоизга кўпроқ.
Гўшт экспорти эса қулаган. 11 ойда 14,5 млн долларлик экспорт амалга оширилган ва бу ўтган йилга нисбатан 68 фоизга камроқ.
Гўшт импорти кескин ошиб, экспорт билан аксинча ҳолат бўлаётганини нархлар билан изоҳлаш мумкин. Марказий банкнинг сўнгги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда гўшт нархи йиллик ҳисобда 25 фоиз атрофида ошган. Гўштга талаб сезиларли ошган.
Бунда суякли мол гўшти 24,2 фоизга, суяксизи 25,3 фоизга қимматлаган. Қўй гўшти нархи эса янада кўпроқ — 26,8 фоизга кўтарилган.
Шунга қарамай, мамлакат бўйлаб гўшт етиштириш суръати секинлашган. 2025 йилнинг 9 ойида 2,17 млн тонна гўшт етиштирилган. Бунда ўсиш 2,7 фоиз бўлиб, ўтган йилнинг мос давридаги 4,9 фоизлик кўрсаткичдан камроқ.
Теглар






