
Ўзбекистонда 9 ойда ЙТҲ сабаб қанча киши вафот этгани маълум қилинди
2025 йилнинг январ–сентабр ойларида Ўзбекистонда 5895 та ЙТҲ қайд этилган бўлиб, уларнинг 2689 таси пиёдалар иштирокида содир бўлган.

2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида республика бўйлаб 5895 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Уларда 1303 киши ҳалок бўлган, яна 4592 фуқаро жароҳат олган. Бу ҳақда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов маълум қилди.
Маълумотларга кўра, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ЙТҲлар сони 3,8 фоизга, яъни 6127 тадан 5895 тага камайган. Тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатлар 3,5 фоизга — 4759 тадан 4592 тага, ўлим билан боғлиқ ҳодисалар эса 4,8 фоизга — 1368 тадан 1303 тага тушган. Пиёдалар иштирокида содир бўлган ЙТҲлар сони ҳам 5,8 фоизга камайиб, 2689 тани ташкил этган.
Қутбиддин Бурхоновнинг таъкидлашича, бу кўрсаткичларга ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш маданияти ошгани ҳамда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш орқали эришилган. Шунингдек, йўл ҳаракатини тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилгани ҳам натижа берган.
Шу билан бирга, сенатор йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳали ечим кутувчи муаммолар борлигини таъкидлади. Унинг фикрича, айрим ҳудудларда йўл белгиларининг етишмаслиги, йўл ҳолатининг ёмонлиги ва пиёдалар учун шароитларнинг камлиги ҳолатлар сонини кўпайтирмоқда.
Маълумот учун, 2024 йил якунига кўра Ўзбекистонда 9364 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлиб, уларда 2203 киши ҳалок бўлган ва 9 мингга яқин фуқаро жароҳат олган.
Эслатиб ўтамиз аввалроқ йўл қоидаларини бузганларга жарима ўрнига энди оғзаки огоҳлантириш ҳам берилиши ҳақида хабар берган эдик.





