Ўзбекистонда барқарор тадбиркорлар сони ортмоқда: 2 мингдан зиёд бизнес юқори рейтингга эга

Бугун 08:552 дақиқа

Ўзбекистонда 2,1 минг тадбиркор юқори барқарорлик рейтингини қўлга киритди. Тизим жорий этилгандан буён бундай корхоналар сони 1,3 бараварга кўпайган бўлиб, уларнинг 335 таси энг юқори «ААА» даражасига лойиқ кўрилган.

Ўзбекистонда барқарор тадбиркорлар сони ортмоқда: 2 мингдан зиёд бизнес юқори рейтингга эга

Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларини баҳолашнинг янги тизими ўз самарасини бермоқда. Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда мамлакатда 2 100 та тадбиркор юқори барқарорлик рейтингида турибди. Умумий манзарани таҳлил қилганда, 64,4 минг тадбиркор ўрта даражадаги, 226,2 минг нафари қониқарли ва 294,7 минг нафари паст рейтингли тоифага киритилган. Юқори рейтингли тадбиркорлар сонининг 1,3 бараварга кўпайиши бизнес соҳасида бошқарув сифати яхшиланаётганини англатади, деб ёзмоқда UzDaily.uz.

Соҳалар кесимида энг юқори кўрсаткич савдо соҳасида кузатилмоқда — 690 та корхона юқори рейтингга эга. Хизмат кўрсатиш соҳаси 654 та корхона билан иккинчи ўринда, саноат тармоғи эса 506 та корхона билан кучли учликни якунлаб берган. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида 106 та ва қурилиш соҳасида 59 та барқарор корхона фаолият юритмоқда.

 

Ҳудудий етакчилик ва ривожланиш

Барқарор тадбиркорларнинг ҳудудий тақсимотида Тошкент шаҳри мутлақ етакчилик қилмоқда — пойтахтда 709 та юқори рейтингли бизнес субъекти мавжуд. Кейинги ўринларни Тошкент вилояти (258 та), Самарқанд вилояти (180 та) ва Фарғона вилояти (152 та) эгаллаб турибди. Бу ҳудудлардаги қулай инфратузилма ва бозор имкониятлари тадбиркорларнинг барқарор ўсишига хизмат қилмоқда.

Рейтинг тизими нафақат статистик ҳисобот, балки тадбиркорлар учун турли имтиёз ва енгилликлар эшигини ҳам очади. Юқори рейтингга эга бўлган бизнес вакиллари учун солиқ текширувларининг камайиши, давлат харидларида устуворлик берилиши каби рағбатлантириш чоралари кўзда тутилган.

Бу эса ўз навбатида бошқа тадбиркорларни ҳам ўз фаолиятини шаффофлаштиришга ва бошқарув сифатини оширишга ундайди.

Аввалроқ, айрим тадбиркорлар 2030-йилгача солиқлардан озод қилиниши ҳақида хабар берган эдик.

 

Теглар

Мавзуга оид