
Ўзбекистонда энди олтинни мобил илова орқали харид қилиш мумкин
Янги низомга кўра, банклар ва микромолия ташкилотлари мижозларга мобил илова орқали ўлчовли олтин қуймаларни сотиш ва қайта сотиб олиш имкониятини яратиши мумкин бўлади.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги «Банклар томонидан қимматбаҳо металлар билан операцияларни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги низомни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат банклар ва микромолия банкларига қимматбаҳо металлар билан савдо қилишнинг янги имкониятларини белгилайди.
Низомга мувофиқ, мижозлар эндиликда банкнинг мобил иловаси орқали ўлчовли олтин қуймаларни сотиб олиш ва уларни қайтариб сотиш имконига эга бўлади.
Тижорат банкларида қимматбаҳо металлар билан боғлиқ қуйидаги операциялар амалга оширилади:
— мижозлар томонидан ўлчовли олтин қуймаларни банкнинг мобил иловаси орқали сотиб олиш ва қайтариб сотиш;
— банклар томонидан ўлчовли олтин қуймаларни Марказий банкдан сотиб олиш орқали сотиш ва қайтариб сотиб олиш;
— банклар томонидан қимматбаҳо металларни электрон (жисмоний бўлмаган) кўринишда сотиш ва қайтариб сотиб олиш.
Шунингдек, банклар ва мижозлар ўртасида қимматбаҳо металлар билан операциялар мобил илова орқали амалга ошириладиган электрон шартнома — оферта тасдиқланганидан сўнг кучга киради.
Нархлар Лондон қимматбаҳо металлар уюшмаси фикиснги (London Bullion Market Association — LBMA) асосида белгилаб борилади ва банкларнинг расмий интернет саҳифаларида доимий янгиланиб турилади.
Тўлов муваффақиятли амалга оширилганидан кейин мижознинг илова ҳисобида сотиб олинган олтин қуйманинг «махфий коди» пайдо бўлади. Мижоз бу код ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этган ҳолда банкдан ўз олтини жисман қабул қилиб олиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк кредит ташкилотларига мижозлар ҳақидаги маълумотни кредит бюроларига реал вақтда тақдим этишни мажбурий қилишни таклиф қилаётганлиги ҳақида хабар берган эдик. Бу фуқаролар номидан рухсатсиз микрокредитлар расмийлаштирилишининг олдини олишга қаратилган.





