
Онлайн микрокредитлар учун янги талаблар жорий этилади
Марказий банк кредит ташкилотларига мижозлар ҳақидаги маълумотни кредит бюроларига реал вақтда тақдим этишни мажбурий қилишни таклиф қилмоқда. Бу фуқаролар номидан рухсатсиз микрокредитлар расмийлаштирилишининг олдини олишга қаратилган.

Ўзбекистон Марказий банки кредит ташкилотларининг онлайн микрокредитлар бўйича маълумотни кредит бюроларига кечиктирмасдан етказишини талаб қилувчи қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Янги тартиб молиявий фирибгарлик ҳолатларини камайтириш ва фуқароларнинг кредит тарихи шаффофлигини таъминлашни мақсад қилган.
Марказий банк маълумотларига кўра, сўнгги пайтларда ўзини банк ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходими сифатида таништириб, фуқароларни алдаётган шахслар сони кўпайган. Улар «ижтимоий инжиниринг» усули — сохта қўнғироқлар, ёлғон ҳаволалар ва мобил иловалар орқали одамларнинг Click, Payme каби иловалардаги логин, парол ва бир марталик кодларини қўлга киритмоқда.
Бу ҳолат натижасида айрим фуқароларнинг номидан рухсатсиз микрокредитлар расмийлаштирилаётгани кузатилган. 2024 йилнинг дастлабки тўққиз ойида шундай жиноятлар сабаб 8 миллиард сўмлик моддий зарар етказилгани қайд этилган.
Ҳозирги амалдаги қоидага кўра, кредит ташкилотлари маълумотни фақат кейинги иш кунида бюрога юбориши мумкин. Бу эса маълумотнинг кечикишига ва айрим ҳолларда бир шахс номига бир кунда бир неча кредит расмийлаштирилишига сабаб бўлмоқда.
Янги таклифга кўра, кредит ташкилотлари кредит ҳақидаги маълумотни реал вақтда ёки кейинги иш кунидан кечиктирмасдан юбориши шарт бўлади. Шунингдек, «реал вақт режими» атамаси ҳуқуқий жиҳатдан аниқланиб, кредит ташкилотлари ва бюролар ўртасидаги маълумот алмашинуви тартиби белгилаб берилади.
Қарор лойиҳаси юзасидан таклиф ва мулоҳазалар 31 октябргача қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий Банк асосий ставкани яна ўзгаришсиз қолдиргани ҳақида хабар берган эдик. МБ раиси асосий ставкани ўзгаришсиз қолганининг сабабларини тушунтирди.





