
Ўзбекистонда фуқаролар номига автомобил импорт қилиш қисқартирилади
Ҳукумат яширин иқтисодиётни чеклаш мақсадида автомобил импортини тартибга солиш, божхона назорати очиқлигини ошириш ва IMEI рўйхатини яхшилаш бўйича янги чоралар белгилади.

Ўзбекистон яширин иқтисодиётни камайтириш мақсадида фуқаролар номига автомобилларни олиб кириш ҳажмини қисқартиришни режалаштирмоқда. Президент 10 декабр куни қабул қилган фармон орқали импорт ва божхона соҳасида шаффофликни кучайтиришга қаратилган дастур тасдиқланди.
Ҳужжатга кўра, автомашиналарни фуқаролар эмас, балки юридик шахслар орқали олиб киришни енгиллаштириш режалаштирилган. Бу орқали автомобил импорти жараёнидаги ноқонуний схемаларнинг олдини олиш ва назоратни кучайтириш кўзда тутилган. Мазкур масала бўйича Вазирлар Маҳкамаси 1 мартга қадар тегишли қарор қабул қилиши керак.
Шунингдек, чегара божхона постларида импортни расмийлаштириш ва қўшимча текширув талабларини соддалаштириш режалаштирилган. Бу божхона орқали товарларнинг ҳаракатини тезлаштириш ва ортиқча бюрократияни камайтиришга хизмат қилади.
Яна бир муҳим йўналиш — мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатга олиш тизимини такомиллаштириш. 1 февралга қадар Божхона қўмитаси ва UZIMEI маркази ўртасида автоматлаштирилган ахборот алмашинуви йўлга қўйилади. Бу контрабанда ва солиқдан қочиш ҳолатларини камайтиришга ёрдам бериши кўзда тутилган.
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистонга енгил автомобиллар импорти қиймат жиҳатидан деярли 14 фоизга қисқарди. Ўтган йилнинг шу даврида импорт қиймати 1,23 миллиард доллар бўлган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 1,06 миллиард долларни ташкил этди. Шу билан бирга, миқдорий ҳисобда аксинча ўсиш кузатилди. 2024 йил январ–ноябр ойларида 68,5 мингта машина олиб кирилган бўлса, 2025 йилнинг шу даврида бу рақам 71,7 мингтага етди — яъни 4,5 фоиз ўсиш қайд этилди.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 апрелидан кўчмас мулк ва автомобил савдоси фақат банк карталари ёки электрон тўлов орқали амалга оширилади. 25 млн сўмдан юқори бўлган товар ва хизматлар учун ҳам тўловлар тўлиқ нақдсиз шаклга ўтади.





