add

Ўзбекистонда «ишончсиз» банклар рўйхати эълон қилиб борилади

ИИВ Киберхавфсизлик маркази энди ҳар йил якунида кибержиноятлар энг кўп содир этилаёган банклар ва тўлов ташкилотлари ҳақида очиқ статистика эълон қилинишиини маълум қилди.

Ўзбекистонда «ишончсиз» банклар рўйхати эълон қилиб борилади

3 ноябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази масъул ходими, капитан Мақсуджон Мирабдуллаев Ўзбекистонда кибержиноятларга қарши курашишда янги очиқлик ва жавобгарлик тизими йўлга қўйилаётганини маълум қилди.

Унга кўра, энди ҳар йил якунида мамлакатда энг кўп кибержиноят содир этилган банклар ва тўлов ташкилотлари рўйхати оммага тақдим этилади. Бу амалиёт орқали фуқаролар маблағларининг хавфсизлиги, ахборот тизимларининг ишончлилиги ва банкларнинг киберхавфсизлик сиёсати бўйича шаффоф маълумотлар жамоатчиликка етказилади.

Президентнинг 2025 йил 30 апрелдаги 153-сонли қарорига асосан, Ички ишлар вазирлиги кибержиноятларга қарши курашиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланган. Қарорга мувофиқ, банклар ва тўлов ташкилотларига ахборот хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилиш ҳамда ҳужумларнинг олдини олиш учун шахсий жавобгарлик юклатилган.

ИИВ вакили таъкидлашича, авваллари банк ёки тўлов ташкилотларидаги катта миқдордаги пул ўғирликлари ҳақидаги маълумотлар оммага эълон қилинмас эди. Энди эса энг кўп кибержиноят кузатилган банклар очиқ маълум қилинади, йил якунида эса қайси банк киберхавфсизликни муваффақиятли таъминлагани ёки заифликка йўл қўйгани ҳақида баҳолаш ўтказилади.

Бундан ташқари, агар кибержиноят банк ёки тўлов ташкилотининг айби билан содир этилган бўлса, ҳодиса тафсилотлари, ўғирланган маблағ миқдори ва ҳужум усуллари ҳам оммавий тарзда эълон қилинади.

Мирабдуллаевга кўра, бу тизим банклар ва тўлов ташкилотларини ахборот хавфсизлиги сиёсатини кучайтириш, заифликларни бартараф этиш ва фуқаролар маблағларини ҳимоя қилишда фаолроқ бўлишга ундайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк кредит ташкилотларига мижозлар ҳақидаги маълумотни кредит бюроларига реал вақтда тақдим этишни мажбурий қилишни таклиф қилаётганлиги ҳақида хабар берган эдик. Бу фуқаролар номидан рухсатсиз микрокредитлар расмийлаштирилишининг олдини олишга қаратилган.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда «ишончсиз» банклар рўйхати эълон қилиб борилади | Vaqt.uz