Logo

Ўзбекистонда кафолат асосидаги бизнес кредитлари улуши 12 фоизга етказилади

Бугун 12:052 дақиқа

2030-йилга қадар микро, кичик ва ўрта корхоналарнинг йирикроқ бизнес тоифасига ўтиш суръатларини икки баробар ошириш, ушбу секторнинг аҳоли бандлигидаги улушини 80 фоизга, ўрта синф улушини 90 фоизга етказиш, норасмий бандликни янада қисқартириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда кафолат асосидаги бизнес кредитлари улуши 12 фоизга етказилади © president.uz

Ўзбекистонда тадбиркорлик кредитларида кафолат ва кафиллик асосида берилган маблағлар улуши 1 фоиздан 12 фоизга оширилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев танишган тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича таклифлар тақдимотида маълум қилинди.

Таклиф этилаётган чоралар натижасида 2030-йилга қадар микро, кичик ва ўрта корхоналарнинг йирикроқ бизнес тоифасига ўтиш суръатларини икки баробар ошириш, ушбу секторнинг аҳоли бандлигидаги улушини 80 фоизга, ўрта синф улушини 90 фоизга етказиш, норасмий бандликни янада қисқартириш мақсад қилинган.

Шунингдек, халқаро молия институтлари маблағлари ва бозордан жалб қилинадиган қарзлар улушини 17 фоиздан 35 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Ҳудудларда умумий қиймати 81 трлн сўмлик 1 000 та лойиҳани амалга ошириб, 320 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бундан ташқари, маҳаллаларнинг ихтисослашуви асосида кооперацияни ривожлантириш, томорқа ва ижара ерларида юқори даромадли маҳсулотлар етиштириш ҳам мақсад қилинган.

Янги қўллаб-қувватлаш тизими ва меҳнат соҳасидаги ўзгаришлар

Тақдимотда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг республикадан маҳаллагача бўлган вертикал тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудларда бизнес инкубаторлари ва лойиҳа офислари, туманларда микро, кичик ва ўрта бизнесга кўмаклашиш марказлари очиш ҳамда тадбиркорларга «бир дарча» тамойили асосида хизмат кўрсатиш таклиф этилди.

Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини баҳолашда миқдор кўрсаткичларидан сифат кўрсаткичларига ўтилади. Бунда ташкил этилган корхоналарнинг барқарор ишлаши, яратилган иш ўринларининг доимийлиги ва тадбиркорлар товар айланмасининг ўсиши асосий мезон бўлади.

Шу билан бирга, бандлик хизматларини тўлиқ рақамлаштириш, касбий малакани баҳолаш ва халқаро сертификатлаш тизимини ривожлантириш ҳамда расмий иш ўринларини кўпайтириш зарурлиги қайд этилди. Мутасаддиларга меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш, меҳнат муносабатларини расмийлаштиришни соддалаштириш ва давлат меҳнат назоратини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги банкларнинг кредит портфели бир йилда 13 фоизга ўсиб, 659 трлн сўмга етгани ҳақида маълумот берилганди. Кредитларнинг энг катта қисми жисмоний шахсларга ажратилган.

Теглар

Мавзуга оид