add

Ўзбекистонда октябр инфляцияси пасайди, аммо нархлар ўсишда давом этмоқда

Йиллик инфляция октябр ойида 2016 йилдан бери энг паст кўрсаткичга тушди. Аммо озиқ-овқат нархлари, транспорт хизматлари, бензин ва пропан сезиларли қимматлашди, палов нархи эса деярли ҳамма ҳудудда 100 минг сўмдан ошди.

Ўзбекистонда октябр инфляцияси пасайди, аммо нархлар ўсишда давом этмоқда

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, октябр ойида инфляция 0,6 фоизни ташкил этди, йиллик ҳисобда эса 7,8 фоизгача пасайди. Ўтган ойда бу кўрсаткич 8 фоиз бўлиб, ўтган йил баҳоридан бери кузатилган энг паст даража ҳисобланади.

Нарх-наво ўсиш суръати 2024 йил октябрига нисбатан бир баробардан ортиқ пасайган — ўшанда у 0,8 фоиз бўлган. Йил бошидан, яъни январ–октябр ойлари давомида инфляция 5,7 фоизни ташкил қилди. 

Йиллик инфляция октябрь ойида 7,8 фоиз даражасида қайд этилган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,4 фоизга пасайган.

Озиқ-овқат нархлари қандай ўзгарди?

Икки ойдирки, озиқ-овқат инфляцияси 0,9 фоиздан пастлашгани йўқ. Мавсумий мева-сабзавот маҳсулотларининг қимматлашиши қайд этилмоқда. Айниқса, сентябр ойида бозорларда лимон ( +52,6 фоиз), қовоқ (+11 фоиз) ва баклажан ( +22,3 фоиз) нархининг кескин ўсгани қайд этилган эди. Шунингдек, гўшт нархлари ҳам 170 минг сўмдан ошиққа сотилаётгани ҳақида хабар берилган.

Маълумот учун, шу йилнинг октябр ойида музлатилган импорт мол гўшти нархлари барқарор бўлганига қарамасдан, маҳаллий гўшт нархи ўсишда давом этди. Республика бўйлаб 1 килограмм мол гўштининг ўртача нархи 2 минг – 3 минг сўмга қимматлади.

Қуйида нархлари қимматлаган 22 та озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхати келтирилган:

Товар ва хизматлар

Hарх ўзгариши, %

1

Янги узилган помидорлар

161,0

2

Янги узилган бодринглар

158,2

3

Бақлажонлар

111,3

4

Янги узилган булғор қалампири

110,6

5

Янги узилган тарвузлар

107,0

6

Шолғом

107,0

7

Янги узилган қовунлар

104,6

8

Мандаринлар

104,2

9

Товуқ тухумлари

103,6

10

Узумлар

103,5

11

Апельсинлар

103,3

12

Бананлар

102,5

13

Турп

102,0

14

Тузланган ёки маринадланган бодринглар

102,0

15

Кекслар

101,8

16

Янги сўйилган, совитилган ёки музлатилган, қурутилган гўшт

101,8

17

Қаҳва

101,8

18

Мол гўшти (сухасиз гўштидан ташқари)

101,7

19

Хом ҳайвон ёғлари, думба ёғи ва шу кабилар

101,7

20

Янги узилган ёки совитилган кўкатлар (укроп, петрушка)

101,7

21

Суяксиз мол гўшти

101,6

22

Қўй гўшти

101,6


Статистика қўмитасининг маълумотларига таянадиган бўлсак, асосан инсонлар кундалик ҳаётдан фойдаланадиган ёғ, суякли ва суяксиз мол гўшти, қўй гўшти, сабзи, картошка, пиёз, карам кабиларда сезиларли қимматлашув қайд қилинган. Табиийки, бу маҳсулотлардаги қимматлашув энг оммабоп бўлган ош нархларига ҳам таъсирини кўрсатмай қолмади.

Ўзбекистонда палов нархи қанча?

Октябр ойида мамлакат бўйлаб палов нархи ўртача 0,6 фоизга қимматлашди. Бухоро, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида нарх деярли ўзгармаган — 0,1 фоизгача арзонлашиш қайд этилган. Бу асосан пиёз, сабзи, гурўч ва нўхат нархининг бироз пасайиши билан изоҳланади.

Авваллари Ўзбекистонда паловни 100 минг сўмдан арзон тайёрлаш мумкин бўлган ягона ҳудуд — Қорақалпоғистон эди. Энди эса шимолий минтақада ҳам паловнинг 1 килоси 100 минг сўмдан ошиб кетди.

Октябр ойида палов нархининг ўсишига асосий таъсир кўрсатган омил — гўшт нархининг барча ҳудудларда сезиларли даражада қимматлашганидир. 100 минг сўмдан арзон гўшт фақат Қорақалпоғистонда қолган, энг қиммат гўшт эса Фарғона вилоятида — 113 минг 989 сўм ( +1,9 фоиз).

Ҳудуд номи

1 кг палов нархи (сўм)

Қорақалпоғистон Р.

100 196

Андижон вилояти

107 407

Бухоро вилояти

110 043

Жиззах вилояти

111 628

Қашқадарё вилояти

113 693

Навоий вилояти

111 410

Наманган вилояти

111 027

Самарқанд вилояти

114 836

Сурхондарё вилояти

113 704

Сирдарё вилояти

106 834

Тошкент вилояти

115 130

Фарғона вилояти

117 746

Хоразм вилояти

108 758

Тошкент шаҳри

119 423

Хизматлар соҳасидаги ўзгаришлар

Хизматлар йиллик ҳисобда 8,7 фоизга қимматлашган. Охирги бир йилда нархи юқори даражада ўсган 30 та маҳсулотнинг 15 таси айнан хизматлар соҳасига тегишли. Энг кўп қимматлашган дастлабки учта хизмат ҳам шу тоифага киради.

Хусусан, ҳайдовчилик курслари нархининг ошиши уч ойдирки «трендда» турибди. Аввалроқ, Vaqt.uz бу масалада Тошкентдаги автомактаблар нархларини ўрганиб, нега бу қадар қиммат эканини таҳлил қилган эди.

«Нархлари юқори даражада ўсган 15 та хизматнинг 14 таси ё монополистлар (тан олинган ёки олинмаган) томонидан кўрсатиладиган ёки нархи тартибга солинадиган хизматлардир», — деб ёзмоқда иқтисодчи Отабек Бакиров.

Бундан ташқари, айрим ҳудудларда коммунал хизматлар тарифларининг оширилиши нархларга таъсир қилди: маиший чиқиндиларни олиб кетиш — 4,3 фоиз, иссиқ сув — 1,3 фоиз ва иссиқлик таъминоти — 2,7 фоиз ошди. Турар жойларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун материаллар нархлари ой давомида 0,5 фоизга қимматлади.

Дори воситалари 0,4 фоизга, стационар ва амбулатор даволаш хизматлари мос равишда 0,3 ва 0,2 фоизга ошди. Соғлиқни сақлашнинг бошқа хизматлари ҳам 0,3 фоизга қимматлашди.

Ёқилғи ва транспорт хизматлари

Бензин нархи ой давомида 1,5 фоизга, йил бошидан эса 7,4 фоизга қимматлашди.

  • АИ-80 — бир литри учун 8 минг 400 – 9 минг 700 сўм;

  • АИ-91 ва АИ-92 — 10 минг 500 дан 13 минг 700 сўмгача;

  • АИ-95 ва АИ-98 — 12 мингдан 18 минг сўмгача;

  • АИ-100 — 20 минг 500 сўм.

Пропан нархи эса бир ойда 3,3 фоизга ошган. Метан ҳам ой ҳисобига 0,1 қимматлаган, аммо ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30,5 фоизга ошди.

Октябрдан бошлаб Тошкент ва атроф шаҳарларда электр поезд йўл ҳақи оширилди. Умуман республика бўйлаб транспорт хизматлари 2,5 фоизга қимматлашди: шаҳар автобусларида йўл ҳақи 1,7 фоиз, шаҳарлараро автобусларда 1,1 фоиз ошди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 25-сентябрдан Тошкент–Чиноркент йўналишига электропоезд нархлари 50 фоизга ошиши ва унинг сабаби ҳақида ёзган эдик.

Сўмнинг мустаҳкамланиши туфайли авиақатновлар 3,5 фоизга, шаҳарлараро поезд тарифлари эса 0,2 фоизга арзонлашди.

Таълим соҳасида ҳам нархлар ўсишда давом этмоқда:

  • репетиторлик хизмати — +1,1 фоиз;

  • чет тиллари курслари — +0,5 фоиз;

  • хусусий болалар боғчалари — +0,4 фоиз.

    Охирги марта илм-фан соҳасида нархларнинг кескин ошиши август ойида кузатилган эди — бу янги ўқув йили олдидан талаб юқори бўлгани билан
    изоҳланган эди.

Умумий овқатланиш хизматлари 0,5−0,7 фоизга қимматлашди, меҳмонхона хизматлари нархлари эса барқарор қолди. Марказий банк томонидан эълон қиладиган кўрсаткичлар билан солиштириадиган бўлсак, аҳолининг инфляцион кутилмалари орасида умумий овқатланиш хизматларида нархлар ортишидан ҳавотиларига гувоҳ бўлишимиз мумкин. 

Пул ўтказмалари учун комиссия 1,9 фоизга тушди, бироқ электрон тўлов тизимлари орқали ўтказмаларда 2,7 фоизга ошди. Аввалроқ, Vaqt.uz 

8 та вилоятда даромадлар ўсишининг ярмидан кўпроқ қисми айнан пул ўтказмалари ҳисобига юзага келгани ҳақида ёзган эди. Бу борада энг юқори кўрсаткич Хоразм ҳамда Самарқанд вилоятларида қайд этилган.


Ҳудудлар кесимида кўрсаткичлар қандай?

Ҳудудлар кесимида энг юқори ойлик инфляция Андижон вилоятида қайд этилди — 0,9 фоиз. Энг паст кўрсаткич эса етти ҳудудда: Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида кузатилиб, 0,5 фоизни ташкил этди.


Январ–октябр ойларида нархларнинг энг катта ўсиши Қорақалпоғистон ва Фарғона вилоятларида қайд этилган — 6,2 фоиз. Энг паст кўрсаткич эса Тошкент шаҳрида бўлиб, бу ерда нархлар 5,1 фоизга ошган.

Йиллик инфляция даражаси бўйича Фарғона вилояти етакчилик қилмоқда — 8,6 фоиз, нархларнинг энг секин кўтарилиши эса Жиззах вилоятида кузатилиб, 7,1 фоизни ташкил этди.

Октябр ойида Ўзбекистонда умумий инфляция даражаси пасайган бўлса-да, аҳолининг кундалик эҳтиёжига кирадиган маҳсулот ва хизматлар нархлари сезиларли даражада ошган. Айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари — гўшт, сабзавот, лимон ва мева нархлари ҳамда хизматлар соҳасидаги харажатлар (айниқса ҳайдовчилик курслари ва коммунал тўловлар) инфляцияни бош омил сифатида шакллантирган. Бу ўзгаришлар палов нархи орқали ҳам яққол кўринмоқда: барча ҳудудларда ош нархи кўтарилиб, ҳатто Қорақалпоғистонда ҳам 100 минг сўмдан ошди. Шу билан бирга, айрим хизматларда — айниқса авиақатнов ва поезд йўл ҳақларида арзонлашиш кузатилди. Ҳудудий кесимда энг юқори инфляция Андижон вилоятида, энг пасти эса Тошкент шаҳрида қайд этилган.

Умуман олганда, йил якунланишига яқин мамлакатда инфляция босими пасайган бўлса-да, аҳоли учун муҳим истеъмол товарлари ва хизматлардаги нарх ўсиши ҳали ҳам сезиларли бўлиб қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввлароқ Марказий банк раиси Темур Ишметов асосий ставка бўйича матбуот анжуманида яқин келажакда инфляция даражасини 5 фоизгача туширишни мақсад қилинганини таъкидлаган эди.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 9

Барчаси

Мавзуга оид

Ўзбекистонда октябр инфляцияси пасайди, аммо нархлар ўсишда давом этмоқда | Vaqt.uz